Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Қозоғистон Молиявий мониторинг агентлиги 26 ёшли ўзбекистонлик блогер, "Маха.dxb" тахаллуси билан танилган Маҳмуд Ҳикматовни халқаро қидирувга берди. У ноқонуний интернет-казиноларни тарғиб қилишда гумон қилинмоқда. Суд томонидан унга нисбатан қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси танланган.
Бу ҳақда Қозоғистон Молиявий мониторинг агентлиги хабар берди.
Тергов маълумотларига кўра, Қозоғистонда интернет-казино учун ноқонуний интерфейс яратиш, пул маблағларини қабул қилиш ва тўлаш, шунингдек, мамлакат фуқароларини қимор ўйинларига жалб этишга қаратилган тизимли схема фаолият юритган.
Агентлик маълум қилишича, интернет-казиноларни тарғиб қилиш мақсадида Ҳикматов Қозоғистонда фаолият юритувчи инфлюенсерларни реклама контенти жойлаштиришга жалб қилиш билан шуғулланган.
У блогерлардан ижтимоий тармоқлардаги статистик маълумотларни, жумладан, обуначиларнинг демографик ва географик кўрсаткичлари ҳамда аудитория қамрови ҳақидаги маълумотларни сўраган. Ушбу маълумотлар асосида реклама хизматлари қиймати белгиланган.
Қайд этилишича, Ҳикматов мазкур фаолият доирасида 35 нафардан ортиқ блогерни жалб қилган.
АФМ унинг қаердалиги ҳақида маълумотга эга шахсларни агентликка хабар беришга чақирди. Маълумот берган шахсга мукофот пули ва анонимлик кафолатланиши билдирилган.

Изоҳлар мавжуд емас