Загрузка
Загрузка
Олимлар лоланинг тарихий ватани Марказий Осиё эканини тасдиқлади
Жамият

Олимлар лоланинг тарихий ватани Марказий Осиё эканини тасдиқлади

6
Загрузка

Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Халқаро олимлар гуруҳи лолаларнинг келиб чиқиши ва эволюцияси бўйича энг кенг қамровли тадқиқотни ўтказиб, замонавий лола турларининг аксарияти Марказий Осиёда, хусусан, Тян-Шан ва Помир-Олой тоғларида шаклланганини аниқлади. 

Тадқиқот натижаларига кўра, ҳозирги лолаларнинг умумий аждоди тахминан 32,5 миллион йил аввал Марказий Осиёда пайдо бўлган. Лолаларнинг алоҳида турларга ажралиши қарийб 22,8 миллион йил аввал бошланган бўлса, янги турларнинг асосий қисми сўнгги 9 миллион йил давомида шаклланган. 

Олимлар бу жараённи Тян-Шан ва Помир-Олой тоғларининг кўтарилиши ҳамда минтақа иқлимининг аста-секин қуриб бориши билан боғламоқда. Натижада кўплаб алоҳида тоғ водийлари шаклланган ва лолаларнинг янги турлари ушбу ҳудудларда мустақил равишда ривожланган. 

Тадқиқот давомида лолаларнинг 254 та намунасига тегишли пластид геномлари таҳлил қилинган. Бу Tulipa туркумида маълум бўлган турларнинг қарийб 86 фоизини қамраб олган. Олимлар ушбу ишни лолалар филогеномикаси бўйича ҳозиргача амалга оширилган энг кенг қамровли тадқиқот деб баҳолаган. 

Намуналарнинг катта қисми 2019–2021 йилларда Ўзбекистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркия ва Косовода ўтказилган халқаро экспедициялар давомида тўпланган. Улар Евросиёдаги ботаника боғлари ва гербарийларида сақланаётган материаллар билан ҳам тўлдирилган. 

Ҳозирги лола турларининг қарийб 92 фоизи сўнгги 5 миллион йил ичида пайдо бўлган. Шу боис олимлар лолаларни эволюцион жиҳатдан нисбатан ёш гуллайдиган ўсимликлар гуруҳига киритмоқда. 

Тадқиқот натижалари лолаларнинг ботаник таснифини ҳам қайта кўриб чиқиш зарурлигини кўрсатган. Хусусан, Eduardoregelia деб номланган бешинчи кенжа туркум илк бор расман тавсифланган ва унга Tulipa heterophylla тури киритилган. 

Олимлар, шунингдек, лолаларни анъанавий секцияларга ажратиш тизими уларнинг ҳақиқий эволюцион қариндошлигини тўлиқ акс эттирмаслигини аниқлаган. Шу сабабли генетик маълумотларга асосланган янги тасниф тизимини жорий этиш таклиф қилинмоқда. 

Тадқиқотда лолаларнинг маданий навлари келиб чиқиши ҳам ўрганилган. Генетик таҳлил дастлабки боғ лолаларининг энг яқин ёввойи қариндошлари сифатида Tulipa suaveolens ва Tulipa scardica турларини кўрсатган. 

Олимларнинг таъкидлашича, тадқиқот натижалари ёввойи лолаларни муҳофаза қилиш учун ҳам муҳим. ДНК маълумотларига асосланган аниқ тасниф камёб турларнинг мақомини баҳолаш, Қизил китобларни шакллантириш ва биохилма-хилликни муҳофаза қилиш дастурларини ишлаб чиқишга ёрдам беради. 

Марказий Осиё ҳозир ҳам лолалар хилма-хиллигининг дунёдаги асосий марказларидан бири бўлиб қолмоқда. Туркумнинг янги вакиллари ҳануз аниқланмоқда: жумладан, 2022 йилда Қирғизистонда лоланинг янги тури — Tulipa toktogulica тавсифланган. 

Аввалроқ олимлар COVID-19 га қарши эмлаш ёки касалликдан кейин шаклланган иммунитетдан фойдаланувчи PROTEXI номли экспериментал вакцинани ишлаб чиқишганди. Янги технология коронавируснинг спайк-оқсили орқали организмнинг иммун ҳужайраларини саратон ҳужайралари ва ўсмаларига қарши йўналтиришга хизмат қилиши айтилмоқда.

Загрузка
Мақоладан таъсирланиш
Ёқади
0
Таҳсинга лойиқ
0
Хурсандчилик
0
Ҳайрон бўлмоқ
0
Тушкунлик
0
Хомушлик
0
Ҳафсаласи пир бўлмоқ
0
Ёқмайди
0

0 изоҳлар

  • Изоҳлар мавжуд емас

Рухсат олинг Шарҳлар қолдириш мумкин бўлиши учун.


Бошқа янгиликлар

Юклаш...