Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Саудия Арабистони, Покистон ва Туркия Макка шаҳрида қўшма мудофаа келишувини имзолади. "Макка қўшма мудофаа келишуви" деб номланган ҳужжатга кўра, уч давлатдан бирига қилинган ҳужум учаласига қилинган ҳужум сифатида баҳоланади.
Келишув уч мамлакатнинг жамоавий хавфсизлик ва мудофаа соҳасидаги ҳамкорлигини кучайтириш, минтақада тинчлик ва барқарорликни таъминлаш ҳамда умумий мудофаа салоҳиятини оширишга қаратилган. Покистон Ташқи ишлар вазирлиги келишув "жамоавий тийиб туриш" салоҳиятини мустаҳкамлашини билдирган.
Ҳужжат Саудия Арабистонининг минтақадаги хавфсизлик вазияти тобора кескинлашаётган бир пайтда қабул қилинган. Келишув устида музокаралар қарийб бир йил давом этган.
Уч давлат ўртасида ҳарбий ҳамкорлик аввалдан мавжуд. Покистон ўнлаб йиллар давомида Саудия ҳарбийларига тайёргарлик ва техник ёрдам кўрсатиб келади. Туркия ва Покистон ҳам ҳарбий кемалар ҳамда ўқув самолётлари соҳасида ҳамкорлик қилади. 2023 йилда Саудия Арабистони Туркиядан дронлар сотиб олиш бўйича йирик шартнома тузган.
Саудия томони келишув муайян давлатга қарши қаратилмаганини ва ҳарбий блок ёки диний-сиёсий иттифоқ тузиш мақсадини кўзламаслигини таъкидлаган. Шунингдек, келишув ядровий қурол ёки қуролланиш пойгаси билан боғлиқ эмаслиги билдирилган.
Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдоған келишув жамоавий тийиб туриш тамойилига асосланганини айтган. Покистон бош вазири Шаҳбоз Шариф эса ҳужжатни уч мамлакат ва минтақа хавфсизлиги учун тарихий қадам деб атаган.

Изоҳлар мавжуд емас