Загрузка
Загрузка
Қозоғистонда ўзбекистонлик профессор жосусликда гумонланиб ҳибсга олинди
Ҳодисалар

Қозоғистонда ўзбекистонлик профессор жосусликда гумонланиб ҳибсга олинди

42
Загрузка

Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz.Қозоғистонда ўзбекистонлик профессор Иқболжон Қорабоев жосусликда гумонланиб ҳибсга олинган. BBC маълумотларига кўра, 46 ёшли олим 3 июль куни Остонадаги уйидан олиб кетилган ва унга Қозоғистон Жиноят кодексининг 176-моддаси бўйича айблов қўйилган.

Қорабоев Остонадаги Мақсут Нарикбаев Университетида халқаро алоқалар фанидан дарс бериб келган. У Ўзбекистон фуқароси бўлиб, Қозоғистон пойтахтида рафиқаси ва уч нафар вояга етмаган фарзанди билан яшаган.

Унинг яқини BBCга маълум қилишича, 3 июль куни фуқаролик кийимидаги бир неча шахс профессорнинг уйига келиб, уни жосусликда айбланаётганини билдирган ва олиб кетган. Яқинларига кўра, хавфсизлик ходимлари Қорабоевнинг Остонадаги Ўзбекистон консуллиги ходимига маълумот етказиб турганига ишора қилган. Профессор бу ҳақда рафиқасига айтиб улгурган.

Қозоғистон Жиноят кодексининг 176-моддаси жосусликни давлат сирларини хорижий давлат ёки ташкилотлар манфаатлари йўлида бериш, тўплаш, ўғирлаш ёки сақлаш, шунингдек, хорижликлар томонидан Қозоғистон миллий хавфсизлигига қарши бошқа маълумотларни тўплаш ёки улардан фойдаланиш билан боғлиқ ҳаракатлар сифатида белгилайди.

Айни пайтда Қорабоевнинг қайси давлат манфаатига ишлаганликда гумонланаётгани ва унга қўйилган айбловнинг аниқ мазмуни очиқланмаган. Ўзбекистон ҳукумати ҳам унинг иши юзасидан расмий маълумот бермаган.

Халқаро нашриёт Ўзбекистон Бош прокуратураси, Ички ишлар вазирлиги, Ташқи ишлар вазирлиги ҳамда Ўзбекистоннинг Қозоғистондаги консуллигига мурожаат қилган, аммо жавоб олмаган. Мақсут Нарикбаев Университети ҳам журналистларнинг саволларига жавоб бермаган.

Қорабоевнинг илмий фаолияти ҳам унинг ҳибси билан боғлиқ эҳтимолий сабаблар қаторида тилга олинмоқда. Профессор сўнгги йилларда Марказий Осиёдаги минтақавий интеграция, геоиқтисодий жараёнлар ва муҳим минераллар мавзусида тадқиқотлар олиб борган.

Профессорнинг 2026 йил апрелида тайёрлаган, аммо ҳали чоп этилмаган "Қозоғистон ва Ўзбекистонда муҳим минераллар атрофидаги қиёсий ҳуқуқий, сиёсий ва стратегик нарративлар" номли илмий иши билан мавжуд. Тадқиқотда Қозоғистон, Ўзбекистон ва халқаро даражадаги жами 17 та ҳужжат таҳлил қилинган.

Қорабоев 2024 йил октябрида ҳам "Марказий Осиёнинг геоиқтисодий марказийлигининг янги таянчи сифатида муҳим хомашё ресурслари" мавзусида тадқиқот тақдим этган. Унда Хитойнинг минтақадаги таъсири, муҳим хомашё ресурсларига халқаро қизиқиш ва таъминот занжирларидаги геосиёсий рақобат таҳлил қилинган.

Профессорнинг муҳим минераллар бўйича тадқиқотлари унинг ҳибсига сабаб бўлгани ҳақида расмий маълумот йўқ.

Сўнгги йилларда литий, кобальт, никель, графит, мис, вольфрам ва нодир ер элементлари каби муҳим минераллар учун халқаро рақобат кучайган. Ушбу ресурслар электромобиллар, аккумуляторлар, микрочиплар, аэрокосмик саноат ва мудофаа технологияларида кенг қўлланади.

Қозоғистон ва Ўзбекистон ҳам муҳим минераллар соҳасида ҳамкорликни кенгайтирмоқда. 2025 йил ноябрида икки давлат нодир ва нодир ер металларини геологик ўрганиш ҳамда қазиб олиш бўйича қўшма ишчи гуруҳ тузишга келишган. 2026 йил апрелида эса мазкур ишчи гуруҳнинг биринчи йиғилиши Остонада ўтказилган.

Қорабоевнинг яқини профессорга ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш билан боғлиқ муаммолар борлигини айтган. Унинг сўзларига кўра, давлат томонидан тайинланган адвокат профессор билан бир марта учрашган, кейин оила хусусий адвокат ёллаган.

Бироқ ҳозирги адвокат ҳам Қорабоевнинг олдига кириш имконига эга эмас. Адвокатнинг айтишича, иш давлат сирлари билан боғлиқ бўлгани сабабли Қозоғистон Миллий хавфсизлик қўмитасининг рухсати талаб этилади. Унинг таъкидлашича, қўмита бу рухсатни беришни бир неча ҳафтадан бери кечиктирмоқда.

Қорабоевнинг оиласи Қозоғистон Миллий хавфсизлик қўмитаси раиси, Бош прокурор, Ички ишлар вазири ва инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи ташкилотларга ёзма мурожаат қилиб, профессорга адвокат киритилишига тўсқинлик қилмасликни сўраган.

Қорабоев Тошкентдаги Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университетида халқаро муносабатлар йўналишида таҳсил олган. Кейин Франциянинг Монтпелье университетида халқаро ҳуқуқ ва Европа ҳуқуқи бўйича икки магистрлик даражасини олган, Тулуза университетида халқаро оммавий ҳуқуқ бўйича докторлик диссертациясини ҳимоя қилган.

У Қозоғистонга кўчишидан аввал Тулуза университетида дарс берган, кейин эса Остонадаги Мақсут Нарикбаев Университетида фаолият юритган. Шунингдек, Бельгиядаги БМТ Университетининг Қиёсий минтақавий интеграция тадқиқотлари институти (UNU-CRIS) билан ҳамкорлик қилган.

Қорабоевнинг ҳибсига оид ҳолатлар юзасидан Қозоғистон ва Ўзбекистон расмийларининг очиқ баёноти ҳозирча мавжуд эмас. Профессорга қўйилган жосуслик айбловининг асослари, унинг қайси давлат манфаати йўлида ҳаракат қилганликда гумонланаётгани ва терговнинг қайси босқичда экани ҳам очиқланмаган.

Эслатиб ўтамиз, февраль ойида Озарбайжон Давлат хавфсизлик хизмати мамлакатнинг собиқ энг қудратли мулозимларидан бири Рамиз Меҳдиев ва мухолифат етакчиси Али Керимлини хорижий давлатлар фойдасига жосуслик қилиш ҳамда ҳокимиятни зўрлик билан эгаллашга уринишда айблаб, кескин баёнот билан чиққанди.

Загрузка
Мақоладан таъсирланиш
Ёқади
0
Таҳсинга лойиқ
0
Хурсандчилик
0
Ҳайрон бўлмоқ
0
Тушкунлик
0
Хомушлик
0
Ҳафсаласи пир бўлмоқ
0
Ёқмайди
0

0 изоҳлар

  • Изоҳлар мавжуд емас

Рухсат олинг Шарҳлар қолдириш мумкин бўлиши учун.


Бошқа янгиликлар

Юклаш...