Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Рақобат қўмитаси Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ҳузуридаги Сейсмопрогностик мониторинг республика маркази томонидан эълон қилинган 5,7 миллиард сўмлик тендер юзасидан иш қўзғатилганини маълум қилди.
Қайд этилишича, ижтимоий тармоқларда тарқалган "Бир манзил, умумий ўтмиш ва миллиардлик тендер" номли танқидий материал асосида ўрганиш ўтказилган. Текширув давомида 2026 йил 4 август куни 475 тўплам сейсмик датчик харид қилиш бўйича ўтказилган тендернинг "Рақобат тўғрисида"ги қонун талабларига мувофиқлиги таҳлил қилинган.
Ўрганиш натижаларига кўра, Сейсмопрогностик мониторинг республика маркази, Drilltechpro компанияси ва Edulab корхонаси томонидан "Рақобат тўғрисида"ги қонуннинг 29-моддаси талабларига риоя этилмагани, яъни савдоларда рақобатни чеклаш ёки чеклашга олиб келиши мумкин бўлган ҳаракатлар аломатлари аниқланган.
Шу муносабат билан мазкур ташкилотларга нисбатан белгиланган тартибда иш қўзғатилган. Рақобат қўмитаси ишни кўриб чиқиш якунлари бўйича қўшимча маълумот берилишини маълум қилган.
Аввалроқ Рақобат қўмитасининг сўровига асосан Мактабгача ва мактаб таълим вазирлиги томонидан ўтказилаётган бошланғич баҳоси 587,2 миллион сўмлик танлаш савдоси бекор қилинганди. Ушбу қарор ижтимоий тармоқларда тарқалган "Бир манзил, бир телефон — битта тендер" номли танқидий мақола ортидан олиб борилган ўрганишлар натижасида қабул қилинган эди.

Изоҳлар мавжуд емас