Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz.Ўзбекистон Озиқ-овқат маҳсулотлари хавфсизлиги қўмитаси Россия томони фитосанитария талабларини сурункали равишда бузган деб топган мамлакатнинг бешта экспортчи корхонаси фаолиятини ўрганишни бошлади.
Аввалроқ "Россельхознадзор" фитосанитария қоидабузарликлари сабабли Хоразм, Сурхондарё, Навоий ва Бухоро вилоятларида жойлашган ушбу корхоналарнинг Россия ҳудудига маҳсулот олиб киришига вақтинчалик чеклов киритган эди.
Расмий маълумотларга кўра, фитосанитар талабларни бузиш ҳолатлари Янгибозор туманидаги корхонада 15 маротаба, Узун туманида 11 маротаба, Қизилтепа туманидаги иккита корхонада жами 15 маротаба ҳамда Ғиждувон туманидаги корхонада 7 маротаба қайд этилган. Айни пайтда махсус қўмита ушбу корхоналарда маҳсулотларни етиштириш, сақлаш, саралаш, шунингдек, фитосанитария назорати тизимининг аҳволини атрофлича текширмоқда.
Озиқ-овқат маҳсулотлари хавфсизлиги қўмитаси мазкур чекловлар фақат номи тилга олинган бешта корхонага тегишли эканини, белгиланган талабларга тўлиқ риоя қилаётган бошқа маҳаллий экспортчилар ўз маҳсулотларини Россия ва бошқа хорижий бозорларга етказиб беришни одатдаги тартибда давом эттираётганини таъкидлаган.
Ҳозирда "Россельхознадзор" билан ҳамкорликда камчиликларни бартараф этиш ва киритилган чекловларни қисқа муддатда бекор қилиш бўйича ишлар олиб борилмоқда.

Изоҳлар мавжуд емас