Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Россияда таксичилик билан шуғулланиб юрган ва гиёҳвандлик моддалари савдоси учун 9 йилга озодликдан маҳрум этилган қашқадарёлик шахс жазони ўташ даврида Россия Мудофаа вазирлиги билан шартнома имзолаб, Украинадаги жанговар ҳаракатларга қўшилган. Бироқ, у ҳарбий қисмдан қочиш мақсадида ўз оёғига ўқ узиб жароҳат етказган ва шифохонада даволангач, Ўзбекистоннинг Москвадаги элчихонаси кўмагида ватанига қайтишга муваффақ бўлган.
Суд ҳужжатларига кўра, айбланувчи Ўзбекистонга келгач, Давлат хавфсизлик хизматига ихтиёрий равишда мурожаат қилиб, қилмишидан пушаймонлигини билдирган. У ўз кўрсатмасида уруш майдонидан қутилиш учун атайлаб ўзига тан жароҳати етказганини ва элчихона орқали ватанга қайтганини маълум қилган.
Жиноят ишлари бўйича Касби туман суди айбланувчини Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 154-моддаси 1-қисми (Ёлланиш) ва 154-1-моддаси 1-қисми (Чет давлатларнинг ҳарбий хизматига, хавфсизлик, полиция, ҳарбий адлия органларига ёки шунга ўхшаш бошқа органларига хизматга кириш) билан айбдор деб топган. Суд ҳукми билан унга 4 йил 1 ой муддатга озодликни чеклаш жазоси тайинланган.
Эслатиб ўтамиз, ўтган йилнинг август ойида Ўзбекистон фуқароси Камчаткада мигрантларнинг Россия ҳудудида ноқонуний бўлишини ташкил этгани учун судланганди. У икки йил давомида Россия Федерациясида қолишни истаган ватандошлари учун сохта ҳужжатлар тайёрлаган эди.

Изоҳлар мавжуд емас