Ўзбекистон, Тошкент – Batafsil.uz ЯА. Мухбиримиз хабар беришича, Самарқанд вилоятида Lacetti микроавтобус билан тўқнашган.
ИИВ Тергов департаменти маълум қилишича: “ 2020 йилнинг 16 март куни соат 21:40да Нарпай тумани Мирбозор қўрғони ҳудудидан ўтувчи “Самарқанд-Бухоро” М-37 автомобиль йўлининг 105 километрида “Lacetti” русумли енгил автомашина ҳайдовчиси бошқарувни йўқотиб, йўлнинг қатнов қисмини ажратиб турувчи бетон тўсиқни бузиб ўтган. Шундан сўнг “Газель” русумли микроавтобус билан тўқнашган”.
Бундан ташқари, шу йўналишда ҳаракатланган “ВАЗ 2106” ва “Nexia-2” русумли автомашиналар ҳам мазкур йўл-транспорт ҳодисасига тушиб қолишган.
Авария натижасида микроавтобус ҳайдовчиси ва бир нафар йўловчиси ҳодиса жойида вафот этган, яна бир йўловчи оғир тан жароҳатлари билан тиббий муассасага ётқизилган, микроавтобусда бўлган 9 нафар йўловчи ва “Lacetti” автомашинаси ҳайдовчиси турли хил даражада тан жароҳат олиб тиббиёт муассасасига мурожаат қилган.
Ҳодиса содир бўлган жойда тергов-тезкор гуруҳи ишламоқда, йўл-транспорт-ҳодисаси сабаблари аниқланмоқда. Текширув натижалари бўйича қўшимча маълумот берилади.
Изоҳлар мавжуд емас