Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Бугун, ижтимоий тармоқларда аёлга шифокорлар томонидан нотўғри укол қилингани оқибатида вафот этгани ҳақида хабарлар тарқалди. Аниқланишича, Пайариқ туманида бачадон бўйни эрозиясини музлатиш амалиётини олган аёл шифохона қабулига келиб, бўлимда вафот этди. Ҳолат юзасидан суд-тиббий экспертизаси тайинланган.
Бош прокуратура матбуот хизмати раҳбари Ҳаёт Шамсутдиновнинг маълум қилишича, воқеа 2026 йил 12 январь куни соат 17:00 атрофида содир бўлган. 1992 йилда туғилган фуқаро яқинлари ҳамроҳлигида Пайариқ тумани Челак шаҳар 1-сон шифохонасига олиб келинган, бироқ тиббиёт муассасасининг қабул бўлимида аёлнинг ўлими қайд этилган.
Дастлабки суриштирув натижаларига кўра, марҳума маълум вақтдан буён Челак шаҳрида фаолият юритувчи "Отамуродова Хадича Турсуновна" хусусий шифохонаси акушер-гинекологи назоратида бўлган. У ерда аёлга бачадон бўйни эрозиясини музлатиш амалиёти бажариб келинган.
Воқеа жойига туман прокуратураси катта терговчиси, ИИБ мутахассислари ва СТЭ экспертлари етиб борган.
Аёлнинг ўлимига шифокор хатоси ёки нотўғри қилинган инъекция сабаб бўлгани ҳақидаги тахминларни текшириш мақсадида суд-тиббий экспертизаси ўтказилмоқда.
Пайариқ туман прокуратураси томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Тергов якунлари бўйича воқеага ҳуқуқий баҳо берилади.

Изоҳлар мавжуд емас