Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Самарқанд вилоятининг Иштихон туманида ҳомиласи нобуд бўлган аёл шифохонага қайта мурожаат қилганидан уч кун ўтиб вафот этди. Ҳозирда ҳолат юзасидан текширув ўтказилмоқда.
Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотига кўра, фуқаро 10 апрель куни қорин ва бел соҳасидаги оғриқлар билан Иштихон тумани марказий шифохонасига мурожаат қилган. Текширувлар давомида ҳомила ҳолатида хавотирли ўзгаришлар аниқланиб, шифокорлар шошилинч кесарча кесиш амалиётини ўтказишни тавсия қилган.
Бироқ беморнинг яқинлари операцияга розилик бермаган ва аёл Пайариқ туманидаги туғруқ бўлимига олиб кетилган. У ерда ўтказилган текширувларда ҳомиланинг антенатал ўлими қайд этилган.
Эртаси куни аёл яна Иштихон тумани марказий шифохонасига мурожаат қилиб, стационар даволанишга ётқизилган. Шифокорлар томонидан кўрсатилган тиббий ёрдамга қарамасдан, у 14 апрель куни вафот этган.
Суд-тиббий экспертизаси хулосасига кўра, аёлнинг ўлими ўткир юрак-қон томир ва нафас етишмовчилиги билан кечган ўпка артерияси тромбоэмболияси оқибатида юз берган.
Ҳолат юзасидан хизмат текшируви, суд-тиббий экспертиза ва терговга қадар текширув ишлари давом этмоқда. Шунингдек, масъул шифокорларнинг ҳаракатларига ҳуқуқий ва тиббий баҳо бериш учун комиссиявий экспертиза тайинланган.

Изоҳлар мавжуд емас