Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Ижтимоий тармоқларда Санкт-Петербург кўчаларида ўзбекистонлик эркак ўз аёлига қўл кўтаргани акс этган видео кескин мунозараларга сабаб бўлди. Ўзбекистоннинг Санкт-Петербургдаги Бош консулхонаси мазкур ҳолатни зудлик билан ўрганиб, воқеа иштирокчилари билан мулоқот ўтказди.
Тарқалган видеолавҳада эркак ўз ҳаракатларини "мен ўзбекман, хотинимни уришга ҳаққим бор" қабилидаги даъволар билан оқлашга уринган. Бироқ, ўша ердаги гувоҳлар ва жамоатчилик вакиллари эркакни кескин койиб, аёлдан узр сўрашга мажбур қилган.
Таъкидлаш жоизки, Ўзбекистон қонунчилигида ҳам, миллий қадриятларимизда ҳам аёлга нисбатан зўравонлик қилиш қатъиян ман этилади.
Бош консулхона томонидан ўтказилган суриштирув натижасида воқеа иштирокчилари бўлган эр ва хотин аниқланган. Мулоқот давомида эр-хотин ушбу вазиятда ҳеч қандай жисмоний куч ишлатилмаганини ва ўзаро даъволари йўқлигини билдиришган. Аёл эрига нисбатан ҳеч қандай эътирози йўқлигини маълум қилган.
Шу муносабат билан, Ташқи ишлар вазирлиги хориждаги ватандошларимизни оилавий муносабатларда ўзаро ҳурмат ва масъулиятни сақлаш, муомала маданиятига ва инсоний фазилатларга амал қилиш, Ўзбекистон ва истиқомат қилаётган давлат (Россия Федерацияси) қонунчилигига қатъий риоя этишни сўраган.

Изоҳлар мавжуд емас