Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг туман бўлими бошлиғи тадбиркордан йирик миқдорда пул талаб қилгани ва унинг бир қисмини олаётганида Давлат хавфсизлик хизмати томонидан ушланди.
Тезкор маълумотларга кўра, мансабдор шахс маҳаллий компания раҳбарига қиймати 5,04 миллиард сўмлик лойиҳани — туман ҳудудидаги учта сой қирғоқларини мустаҳкамлаш ва бетон йўл ўтказгичлар қуриш ишларини олиб беришни ваъда қилган. Ушбу "хизмати" эвазига у жами 63 минг доллар миқдорида "улуш" талаб қилган.
Суриштирув давомида гумонланувчи шу йилнинг март ва апрель ойларида тадбиркордан жами 24 минг доллар олиб бўлгани аниқланган. Мўмай даромад илинжида қолган 39 минг долларни ҳам талаб қилган мулозим, ўз хизмат автомашинасида (Tracker) 25 минг доллар олаётган вақтида ДХХ, Бош прокуратура ҳузуридаги Департамент ва ФВВ Шахсий хавфсизлик бошқармаси ходимлари томонидан ашёвий далиллар билан ушланган.
Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилиб, гумонланувчига нисбатан "қамоққа олиш" эҳтиёт чораси қўлланилган.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 24 апрель куни жиноят ишлари бўйича Фарғона вилояти судида Наманган шаҳрининг собиқ ҳокими Анваржон Отахўжаевга нисбатан қўзғатилган жиноят ишини кўриб чиқиш бошланганди. Собиқ мутасадди Давлат хавфсизлик хизмати томонидан 60 минг доллар миқдорида пора олганликда айбланмоқда.

Изоҳлар мавжуд емас