Ўзбекистон, Тошкент – Batafsil.uz. Тошкентда реклама қурилмаларининг ноқонуний бузилиши давом этмоқда. Бугунги кунга келиб 700 дан ортиқ билбордлар бузиб ташланган. Humo Media агентлиги директори Савелий Соколовнинг мухбиримизга айтишича, агентлик 20та қурилмасидан маҳрум бўлган. Бу жуда катта зарар ва йўқотилган фойдадир. Зеро, шартномалар бекор қилиниб, реклама берувчиларнинг маблағи қайтариб берилган. Бюджетга тўланмаган солиқларни айтмаса ҳам бўлади.
"Бизнес секин-аста тўхтаб бормоқда. Шота Руставели ва Янги Сергели кўчаларидаги билбордлар бузиб ташланмоқда. Агарда болтлари кесиб ташланса, қурилмаларни омборга олиб бориш мумкин. Бироқ, улар экскаваторлар томонидан вайрон қилиниб, мулкка зарар етказиш ҳоллари ҳам бор. Ҳатто ҳужжатлари ва паспортлари бор тадбиркорлар ҳам ҳеч нарсага эриша олмаяпти. Энг муҳими, бу вазиятда маҳаллий ҳукумат томонидан ҳеч қандай ҳужжат тақдим қилинмаяпти. Мулкимизни экскаваторлар билан бузиб, буни қонуний ҳаракатлар деб аташмоқда", - деди Савелий Соколов.
Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 20 февралдаги "Ташқи реклама бозорини тартибга солиш тўғрисида"ги қарори реклама қурилмаларини талабга мослаштириш, шунингдек, шаҳарнинг марказий кўчаларидаги анъанавий иншоотларни светодиодли экаранларга алмаштиришни талаб этмоқда. Ушбу кўчалар рўйхати пойтахт ҳокимлиги томонидан тасдиқланади. Соколовнинг сўзларига кўра, ҳокимият вакилларидан ҳеч бири бу рўйхатни реклама берувчиларга кўрматмаган.
"Бироқ, ҳар қандай ҳолатда ҳам, қонунга кўра, реклама қурилмаларини олиб ташлаш учун суд қарорини бўлиши керак. Ушбу қарорни ишлаб чиқишда айрим шахслар реклама тузилмаларини демонтаж қилиш жараёнида суднинг иштирокини истисно қилишни талаб қилишган. Лекин, ҳукуматимизга бу учналик ҳам керак бўлмаган", - деди Humo Media агентлиги директори.
Реклама қурилмалари тадбиркорларнинг хусусий мулки ҳисобланади. Агар "Хусусий мулкни ҳимоя қилиш ва мулкдорлар ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида" ги қонунга мурожаат қилсак, билбордлар демонтаж қилиниши оқибатида кўрилган зарарлар қопланиши лозим. Бироқ, юқоридаги номаълум шахсларнинг буйруғини бажараётганлар мол-мулкини ҳимоя қилиш учун келган тадбиркорларга ўз ҳаракатларини аниқ тушунтира олмаса, қандай қилиб етказилган зарарнинг қопланиши ҳақида гапириш мумкин?
Суҳбатдошимизнинг сўзларига кўра, бунинг учун турли баҳоналар ишлатилмоқда. Аввало, қурилмаларни бузаётган кишилар бу жараённи иншоотларнинг ноқонунийлиги билан далиллашга уринмоқда. Бироқ, тегишли ҳужжатлар тақдим этилганидан сўнг, улар светодиодли экранни ўрнатиш бўйича қарор талаблари бажарилмаганлигини важ қилишади. Муайян кўчада LED-дисплейлари ўрнатиш талаб қилинмаган ҳолларда эса, елка қисиб кетаверишади.
"Ички ишлар идоралари бу ҳолатга ҳеч қандай муносабат билдирмайди. Улар реклама қурилмаларининг бузилиши бўйича чақирилганини кўриб, шунчаки кетиб қолишади ёки чақирувни бекор қилиши мумкин. Ёки жамоат тартибини бузганликда айблаб, ўзингинзи олиб кетиши ҳеч гап эмас. Бузиш бўйича ҳаракатларга баҳо беришни сўраб, Бош прокуратурага мурожаат қилдим. Ижобий жавоб бўлмаса, кейинги қадам – суд", - деди Савелий Соколов.
Реклама компанияларининг эгалари ўз мулклари ва масалани қонуний ҳал қилиш учун ижодий тарзда кураш олиб боришмоқда. Яқинда билбордлар орқали тадбиркорлар Тошкентдаги реклама тузилмаларининг ноқонуний демонтаж қилинишини тўхтатиш илтимоси билан давлат раҳбарига мурожаат қилишган. Бироқ, тез орада барча 15та сариқ баннерлар олиб ташланган ва шундан сўнг қурилмаларнинг ўзи ҳам бузилган. Соколов бу ҳаракатни "жазо операцияси"деб атади.
"Мен бозорни тартибга солиш, шаҳарни тозалаш тарафдориман. Тошкентда ноқонуний қурилмалар кўп. Аммо буларнинг барчасини расман, қонун ва ҳужжатлар асосида амалга оширайлик", - дея хулоса қилди Humo Media раҳбари.
Эслатиб ўтамизки, жорий йилнинг 8 апрелидан бошлаб Тошкентда реклама билбордлари оммавий равишда бузилмоқда. Қурилмалар ташқи реклама объектлари учун паспортларни ўрнатиш, ўзгартириш ва бериш бўйича мораторий эълон қилинганидан кейинги кун бузила бошланди. Мораторий инвентаризация ва ягона электрон регистрни шакллантириш учун зарур эди ва мавжуд рекламага тааллуқли бўлмаслиги лозим эди.
Вазият бизнес-омбудсман томонидан ўрганилмоқда, Ўзбекистон савдо-саноат палатаси Бош прокуратурага тадбиркорларнинг хусусий мулкини ҳимоя қилиш талаби билан мактуб йўллаган. Монополияга қарши курашиш қўмитаси пойтахтдаги барча ташқи рекламаларнинг 50 фоизи ноқонуний ўрнатилгани ва белгиланган талабларга жавоб бермаётганини айтган. Бироқ, реклама компаниялари эгаларининг сўзларига кўра, қонуний ўрнатилган қурилмалар ҳам бузиб ташланган.
Ўзбекистон бўйлаб янгиликлар: Telegram-каналга уланинг
Изоҳлар мавжуд емас