Ўзбекистон, Тошкент – Batafsil.uz. Шавкат Мирзиёев номидан Facebookда сохта аккаунт очган шахс ИИВ томонидан ушланган. У пул эвазига муаммоларни ҳал қилишга ваъда берган. Бу ҳақда ИИВ маълумотларига ҳавола қилган ҳолда Batafsil.uz. мухбири хабар бермоқда.
“Номаълум шахс Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев номидан “Facebook” ижтимоий тармоғида сохта профиль очган ҳолда фуқаролар билан мулоқотга киришган, мулоқот жараёнида эса ўзини президент Администрацияси раҳбари деб таништириб, фойдаланувчилар билан ёзишмалар олиб борган”, -дея қайд этмоқда вазирлик.
Эркак турли масалаларда, айниқса уй-жой ва банк кредитлари ажратиш бўйича амалий ёрдам кўрсатилишини ваъда қилиб, фуқаролардан 50 минг сўмдан 1,5 млн. сўмгача бўлган пул маблағларини банк пластик картасига туширган. Шу йўл билан фирибгар содда қишиларни алдаб келган.
Олинган тезкор маълумотлар асосида 5 февраль куни Чирчиқ шаҳри ҳудудида тезкор-техник қидирув тадбирлари ўтказилиб, ушбу ноқонуний ҳаракатларни Чирчиқ шаҳар 3-кичик туманида вақтинча яшовчи 39 ёшли М.М. содир этганлиги аниқланган. Унинг телефон қурилмаси ашёвий далил тариқасида ҳужжатлаштириб олинган.
Фуқаро М.М. га нисбатан Жиноят кодексининг 168-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Ўзбекистон бўйлаб янгиликлар: Telegram-каналга уланинг
Изоҳлар мавжуд емас