Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Сирдарё туманидаги йўл-патруль хизмати масканида Бухородан келаётган юк машинасида ветеринария-санитария қоидаларига зид равишда олиб келинаётган сифатсиз парранда гўшти аниқланган.
Сирдарё вилояти карантин тадбирларини таъминлаш гуруҳи ходимлари томонидан ўтказилган кўздан кечириш жараёнида MAN русумли юк автимашинаси тўхтатилган. Текширув давомида юкхонада жами 10 тонна оғирликдаги, ҳужжатлари мавжуд бўлмаган товуқ гўшти маҳсулотлари борлиги маълум бўлган. Мазкур маҳсулотлар холислар иштироқида расмийлаштирилиб, лаборатория экспертизасига топширилган.
Ички ишлар вазирлиги Жамоат хавфсизлиги департаменти тақдим этган лаборатория хулосасига кўра, ушбу гўшт маҳсулотлари истеъмол учун мутлақо яроқсиз деб топилган.
Мазкур ҳолат юзасидан Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 109-моддасига (Ветеринария, ветеринария-санитария қоидалари ва нормаларини бузиш) асосан маъмурий баённома расмийлаштирилган.
Тўпланган ҳужжатлар Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаментининг Сирдарё тумани бўлимига қонуний чора кўриш учун юборилган.
Мутахассисларнинг тезкор ҳаракати туфайли катта ҳажмдаги сифатсиз маҳсулотнинг ички бозорга ва савдо расталарига чиқиб кетишининг олди олинди. Таъкидланишича, бу каби маҳсулотлар инсон саломатлиги учун жиддий хавф туғдириши мумкин.
Эслатиб ўтамиз, Оҳангарон туман суди эшакларни сўйиб, умумий овқатланиш муассасаларини гўшт билан таъминлаган шахсларга нисбатан жиноят иши бўйича ҳукм чиқарганди. Судланувчиларга 2 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган эди.

Изоҳлар мавжуд емас