Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Тошкент шаҳрининг Яшнобод туманида 75 ёшли аёлга нисбатан шаҳвоний ҳаракатлар содир этган йигит 15 суткага маъмурий қамоққа олинди. Шунингдек, унга 2,06 миллион сўм миқдорида жарима тайинланди.
Суд материалларига кўра, воқеа 4 август куни эрталаб "Дўстлик" боғи яқинида содир бўлган. Маст ҳолатда бўлган йигит кекса аёлга нисбатан номақбул шаҳвоний ҳаракатлар қилган.
Шундан сўнг у воқеа жойидан қочишга уринган, аммо атрофдагилар томонидан ушланиб, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимларига топширилган. Аввалроқ унинг ушланиши акс этган видео ижтимоий тармоқларда кенг тарқалиб, жамоатчилик муҳокамасига сабаб бўлганди.
Суд мажлисида айбланувчи айбига тўлиқ иқрор бўлиб, қилмишидан пушаймонлигини билдирган ҳамда енгилроқ жазо тайинлашни сўраган.
Суд уни майда безорилик, маъмурий жазо қўлланилганидан кейин бир йил ичида жамоат жойида спиртли ичимлик истеъмол қилиш ҳамда ички ишлар органлари ходимларининг қонуний талабларини бажармасликда айбдор деб топган. Шу асосда унга 15 сутка маъмурий қамоқ ва 2,06 миллион сўм жарима жазоси тайинланган.

Изоҳлар мавжуд емас