Ўзбекистон, Тошкент – Batafsil.uz ЯА. Мухбиримиз маълум қилишича, “Спарк” ҳайдовчиси Тошкентда бир куннинг ўзида иккита ЙПХ инспекторини уриб кетган.
ИИВ ЙҲХББ берган маълумотга кўра, “18 январь куни тахминан соат 11:25да Тошкент шаҳар Мирзо-Улуғбек туманидаги ТҲАЙ - Дўрмон йўли кесишувида хизмат олиб бораётган ЙПХБ инспектори Б.Султонов 1993 йилда туғилган Сурхондарё вилояти Термиз туманида яшовчи “Спарк” автомобили ҳайдовчисига тўхташни буюрган. Бунга сабаб – ҳайдовчи хавфсизлик камарини тақмаган бўлган”.
Ҳайдовчи ички ишлар идораси ходимининг қонуний талабига бўйсунмасдан уни уриб юборган ва воқеа жойидан қочиб кетган.
Бундан ташқари, Зиёлилар - Т.Малик кўчалари кесишувида уни тўхтатмоқчи бўлган ЙПХБ инспектори Ў.Қўчқоровнинг ҳам қонуний талабларига бўйсунмасдан, автомобилнинг ўнг олди томони билан инспекторни уриб юбориб, воқеа жойидан яширинган. Ў.Қўчқоров олган тан жароҳати туфайли ИИВ Марказий госпиталига ётқизилган.
Кўрилган тезкор чоралар натижасида “Спарк” ҳайдовчиси ушланган. Ҳайдовчининг ҳужжатлари текширилганда, унда транспорт воситасини қайд этиш гувоҳномаси (техпаспорт) бўлмаган.
Ҳозирда прокуратура идоралари томонидан терговолди текширув-суриштирув ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Изоҳлар мавжуд емас