Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Ички ишлар вазирлиги ва Давлат хавфсизлик хизмати томонидан ўтказилган тезкор тадбир давомида Денов туманида фуқаролардан таҳдид ва зўрлик орқали пул ундириб келган тўрт кишидан иборат жиноий гуруҳ зарарсизлантирилди.
Гуруҳга муқаддам судланган, 35 ёшли шахс раҳбарлик қилган ва у ўз атрофига 39, 24 ҳамда 23 ёшли спортчиларни жалб этган. Ушбу шахслар оддий фуқароларга куч ишлатиш, пичоқ билан таҳдид қилиш ва ноқонуний эркинликдан маҳрум этиш орқали миллардлаб сўм миқдоридаги маблағларни талон-торож қилган.
Хусусан, гуруҳ аъзолари 17 ёшли фуқарони машинасига ўтирғизиб, кимсасиз ерга олиб бориб, бўйнига пичоқ тираб, нотаниш одамларни жисмоний қийноққа солган видеоларни кўрсатиш ва ўлдириш билан таҳдид қилган. Ундан бўлиб-бўлиб олиш орқали жами 39 800 доллар миқдоридаги маблағни тортиб олган.
Яна бир фуқаронинг ер низоларига ноқонуний аралашиб, фуқаролардан 20 миллион сўм талаб қилган ва оила аъзоларига тазйиқ ўтказган.
Уларга боғлиқ бўлмаган қарз олди-бердисига аралашиб, 2006 йилда туғилган йигитдан эса 10 миллион сўм талаб қилишган. Унга пичоқ билан таҳдид қилиб, ахлоққа зид ҳаракатларга мажбурлаб, видео тасвирга олишган. Жабрланувчининг видеоларини тарқатиб юбориш, шарманда қилиш билан қўрқитишган. Шу сабабли йигит пул топиш учун хорижга кетишга мажбур бўлган.
Гуруҳнинг ноқонуний ҳаракатларидан 10 дан ортиқ фуқаро жабр кўргани аниқланган. Улар телефон савдоси, автотранспорт олди-сотдиси ва ишга жойлаштириш каби масалаларда зўравонлик ишлатиб келишган.
Ҳозирда гуруҳ аъзоларига нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 165-моддаси (Товламачилик), 137-моддаси (Одам ўғирлаш), 138-моддаси (Зўрлик ишлатиб ғайриқонуний равишда озодликдан маҳрум қилиш) ва 141-прим 3-моддалари (Шахснинг шаънини ва қадр-қимматини камситувчи маълумотларни ошкор қилиш) билан жиноят иши қўзғатилган. Тергов ҳаракатлари давом этмоқда.
Бундан олдин Тошкентда фуқароларнинг карталаридан 3 миллиард сўмга яқин пул ўғирлаган жиноий гуруҳ қўлга олинган эди.

Изоҳлар мавжуд емас