Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Узун туманида келиннинг қариндошлари ва куёв томон ўртасида келиб чиққан оммавий мушталашув натижасида бир киши вафот этган, яна бир киши оғир тан жароҳати билан шифохонага ётқизилган.
Ижтимоий тармоқларда тарқалган маълумотларга кўра, воқеа 2025 йил 28 декабрь куни содир бўлган. Келиннинг отаси ва бошқа қариндошлари оилавий низони ҳал қилиш мақсадида куёвнинг хонадонига боришган. Шу вақтда куёв томондан 5-7 нафар шахс темир буюмлар билан қуролланган ҳолда уларга ҳужум қилган. Бош қисмидан оғир жароҳат олган қайнота шифохонада вафот этган. Шунингдек, марҳумнинг яқини ҳам қаттиқ дўппосланиб, айни дамда шифохонада қолмоқда.
Гувоҳларнинг сўзларига кўра, келиннинг отаси ҳушсиз ҳолга тушганидан кейин ҳам калтакланишда давом этилган. Жабрланувчиларни шифохонага олиб кетаётган машина йўли куёвнинг қариндошлари томонидан тўсиб қўйилган, ҳайдовчига таҳдид қилинган.
Даъво қилинишича, давлат шифохонаси ходимлари беморни қабул қилишдан бош тортган ва у 4 соат давомида тиббий ёрдамсиз қолган.
Шунингдек, ижтимоий тармоқ фаоллари куёвнинг ҳуқуқ-тартибот идораларида ишловчи қариндошлари борлигини, бу тергов жараёнига таъсир ўтказиши мумкинлигидан хавотир билдириб, ички хизмат текшируви ўтказилишини сўрашмоқда.
Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан расмий идоралар маълумот тақдим қилмаган.
Эслатиб ўтамиз, Навоий вилоятида мажбурий ижро пайтида қарздор юк машинаси билан собиқ турмуш ўртоғи ва унинг ота‑онасини босиб ўтганди, шунингдек собиқ хотинини пичоқлаган эди.

Изоҳлар мавжуд емас