Ўзбекистон, Тошкент – Batafsil.uz. Мухбиримиз маълум қилишича, Сурхондарёда юз берган мудҳиш ЙТҲда олти киши, жумладан икки ойлик чақалоқ ва беш ёшли бола ҳалок бўлган.
"17-август куни соат 16:00да Сурхондарё вилояти Жарқўрғон тумани ҳудудидан ўтувчи М-41" Термиз-Жарқўрғон йўлининг 1591-километрида “Кобальт" русумли автомашина ҳайдовчиси (1990 йилда туғилган) қувиб ўтиш қоидасини бузган ва бошқарувни йўқотган. Натижада у йўлнинг қарама-қарши томонида ҳаракатланган "Спарк" русумли автомашинаси билан тўқнашган", - дея хабар бермоқда ИИББ.
Воқеа жойида тўрт киши - 27 ёшли "Спарк" ҳайдовчиси С.Н. ва унинг 30 ёшли йўловчиси М.Т., шунингдек, “Кобальт” автомашинаси йўловчилари - 31 ёшли С.Ш. ва 2 ойлик гўдак М.А. воқеа жойида вафот этишган.
Бундан ташқари, яна икки киши – “Спарк” автомашинасининг йўловчиси, 26 ёшли Г.Х. ва "Кобалт" русумли автомашинанинг 5 ёшли йўловчиси М.А. оғир жароҳатлар туфайли касалхонада ҳаётдан кўз юмишган.
Яна олти киши касалхонага ётқизилган. Булар: "Спарк" автомашинаси йўловчилари - 30 ёшли Н.Х. ва 23 ёшли А.Е., "Кобальт" ҳайдовчиси 30 ёшли У.А. ва унинг йўловчилари - бир яшар А.У. ва 23 ёшли М.Р., шунингдек Р.И. исмли фуқаро.
Ушбу ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 266-моддаси (эҳтиётсизлик туфайли одамларнинг ўлимига сабаб бўлган йўл ҳаракати хавфсизлиги қоидаларини бузиш ёки автотранспорт воситаларидан фойдаланиш) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Изоҳлар мавжуд емас