Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Жорий йилнинг январь-сентябрь ойларида Ўзбекистонда 5,9 мингта йўл-транспорт ҳодисаси содир этилиб, уларда 1,3 минг киши ҳалок бўлган, яна 4,6 минг киши жароҳатланган.
Бу ҳақда Сенатнинг Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси раиси Қутбиддин Бурхонов парламент юқори палатасининг ялпи мажлисида маълум қилди.
Унинг сўзларига кўра, ўтган йилнинг шу даврига нисбатан йўл-транспорт ҳодисаларининг умумий сони 3,8 фоизга, ҳалок бўлганлар сони 4,8 фоизга, жароҳатланганлар сони 3,5 фоизга камайган. Пиёдалар иштирокидаги авариялар сони 5,8 фоизга камайди.
Сенаторнинг қайд этишича, аварияларнинг камайиши йўл ҳаракати қоидаларига риоя қилиш маданиятини ошириш, ҳайдовчиларни тайёрлаш тизимини такомиллаштириш ва йўл ҳаракатини бошқаришни рақамлаштиришнинг ҳуқуқий асосларини ривожлантириш билан боғлиқ.
Аввалроқ беш ой ичида 114 мингдан ортиқ ҳайдовчи йўл ҳаракати қоидаларини бузганлиги учун жарима баллари олгани ҳақида хабар берилган эди. ЙТҲларнинг умумий сони 6 фоиздан кўпроққа, ҳайдовчилар айби билан содир бўлган бахтсиз ҳодисалар сони эса 31,2 фоизга камайди.

Изоҳлар мавжуд емас