Ўзбекистон, Тошкент – Batafsil.uz. Тошкент вилоятининг Тошкент тумани “Тошкенттумангаз” газ таъминоти идораси сервис хизмат кўрсатиш бўлими ходими Дониёр Ҳамидов 300 минг сўм ва 700 доллар миқдорида пора олаётган пайтида қўлга олинган. Бу ҳақда “Ҳудудгазтаъминот” маълумотларига ҳавола қилган ҳолда мухбиримиз хабар бермоқда.
Июль ойида “Нанила фарм” корхонаси раҳбари Ҳамидовга мурожаат қилиб, янги газ ҳисоблагичини ўрнатиш ва 13 миллион сўмлик қарздорликни бартараф этишни сўраган. Илгари корхона раҳбари “Тошкенттумангаз” газ таъминоти бўлими бошлиғи Илхом Ёқубовга мурожаат қилиб, рад жавобини олган.
Хизмат ходими Дониёр Ҳамидов "Нанила фарм" раҳбарининг такрорий қўнғироқлари ва илтимосларидан сўнг унга кўмаклашишга қарор қилган ва мукофот сифатида 8 миллион сўм сўраган. Туман ошхоналаридан бирида пулни олаётганида, у ҳуқуқ-тартибот идоралари томонидан ушланган.
Мавжуд вазиятни ўрганиш жараёнида "Нанила фарм" биноси мавжуд қарз учун газ таъминоти тизимидан узиб қўйилганлиги аниқланган. “Тошкенттумангаз” газ таъминоти бўлими бошлиғи Илхом Ёқубов ўз хизмат вазифаларига эътиборсиз муносабатда бўлгани учун у билан меҳнат шартномаси бекор қилинган. “Тошкенттумангаз” газ таъминоти идораси сервис хизмат кўрсатиш бўлими ходими Дониёр Хамидовга нисбатан жиноий иш очилиб, тергов ишлари олиб борилмоқда.
“Ҳудудгазтаминот” истеъмолчиларга шуни эслатиб ўтадики, соҳа ходимлари томонидан пул талаб қилинган тақдирда 1104 қисқа рақам орқали мурожаат қилиш ёки Facebook ижтимоий тармоғидаги "Газ таъминоти масалалари бўйича муаммолар ва ечимлар" гуруҳига хабар юбориш зарур.
"Газ таъминоти тизимида инсон омилини истисно қиладиган маълумот тўпловчи замонавий ахборот технологиялари жорий этилган. Соҳа ходимлари табиий газни ҳисобга олишнинг автоматлаштирилган тизимига аралаша олмайдилар, улар газ истеъмоли кўрсаткичларини камайтириш имкониятига ҳам эга эмаслар. Шунинг учун ҳар қандай бундай келишув ноқонуний ва мантиқсиздир", - дея таъкидламоқда компания.
Изоҳлар мавжуд емас