Ўзбекистон, Тошкент – Batafsil.uz. Энергетика вазирлигига ҳавола қилган ҳолда мухбиримиз хабар беришича, Тошкент вилоятида аҳолидан газ ўғирлаётган яна бир завод аниқланган. Ўғирланган газ бир ой давомида 3.5 мингта уйни таъминлаш учун етарди.
"Жисмоний ва юридик шахсларнинг газ таъминоти тармоқларига ноқонуний уланиши аҳоли ўртасида газ босими пасайишининг асосий сабаблардан биридир", - дейилмоқда вазирлик хабарида.
Шундай ҳолатлардан бирини Тошкент вилояти, Оҳангарон тумани, Нуробод қўрғонида жойлашган “MEGA BLOCK INVESTMENT” МЧЖ мисолида кўрсатиш мумкин.
7 декабрь куни корхона кўздан кечирилганида, жами 313 та ностандарт газ ёндиргичлари билан жиҳозланган 3 та хумдонларда (ўлчами 4х25 метр) оҳак маҳсулоти тайёрланаётганлиги аниқланган.
Бундан ташқари, 2020 йил 1 ноябрь ҳолатига “MEGA BLOCK INVESTMENT”нинг табиий газдан 135 миллион сўм дебитор қарздорлиги мавжуд.
Шу билан бирга, газобетон ишлаб чиқариш ускунаси ҳамда маиший газ жиҳозларида сарфланган газ миқдорлари ҳисобини юритиш учун ўрнатилган ҳисоблагич ҳам носоз бўлганлиги аниқланган. 2020 йилнинг 27 ноябрь кунидан олдинги архив маълумотлари мавжуд эмаслиги (сақланмаганлиги) натижасида мутахассислар ҳисобдонга ташқи таъсир кўрсатилган, деб хулоса беришган.
Амалга оширилган дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, жами 3 млрд. 189 млн. 417 минг сўм (3 189,5 минг куб метр) зарар етказилганлиги аниқланиб, мазкур ҳажмдаги табиий газ ўртача 3 500 дан зиёд ҳовли уйларнинг бир ойлик эҳтиёжини қондириш имконини берарди.
Ҳозирги кунда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга топшириш учун бирламчи ҳужжатлар расмийлаштирилмоқда.
Изоҳлар мавжуд емас