Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Тошкент вилоятининг Чирчиқ шаҳри ва Қибрай туманида гиёҳвандлик моддаларини интернет орқали сотаётган гуруҳ аъзолари қўлга олинди. Ички ишлар вазирлиги маълумотига кўра, улар орасида вояга етмаган қизлар ва талабалар ҳам бор. Операция давомида жами 4,7 килограмм гиёҳвандлик моддаси мусодара қилинган.
Чирчиқда 20 ва 17 ёшли икки қиз синтетик гиёҳвандлик моддаларини тарқатаётган вақтда ушланган. 17 ёшли қиз ижарада яшаган уйдан сотиш учун сақланган 1,259 килограмм тақиқланган модда топилган.
Тергов давомида бу ишга яна 16 ёшли қиз жалб қилингани аниқланган. У 38 ёшли аёл билан бирга 150 грамм синтетик моддани яширин жойларга қолдириш орқали тарқатаётганида қўлга олинган.
Аёлнинг уйида ўтказилган тинтувда 2,85 килограмм мефедрон, 200 грамм альфа-PVP ва 200 грамм героин топилган. Шунингдек, моддаларни қадоқлашда ишлатилиши мумкин бўлган зип-пакетлар, изолента ва тарозилар аниқланган.
Қибрай туманида эса бир нечта шахс гиёҳвандлик моддалари солинган 200 та ўрамни тўртта манзилга яширишга уринганида ушланган. Улар орасида Сирдарё, Фарғона ва Наманган вилоятларидан келган ёшлар, жумладан, талабалар ҳам бор.
Ички ишлар вазирлиги маълумотига кўра, мусодара қилинган 4,7 килограмм модда 245 минг бир марталик дозани ташкил этиши мумкин эди. Ҳозирда интернет-дўкон фаолиятига алоқадор бошқа шахсларни аниқлаш бўйича тергов ҳаракатлари давом этмоқда.
Аввалроқ Сурхондарё вилоятида Давлат хавфсизлик хизмати ва Ички ишлар органлари ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбирда қарийб 42 килограмм ноқонуний гиёҳвандлик моддаси аниқланиб, тўрт нафар шахс қўлга олинганди.

Изоҳлар мавжуд емас