Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Тошкент шаҳрида сохта харид чеклари орқали бюджетдан катта миқдордаги "кэшбек" маблағларини ўзлаштириб олган МЧЖ масъул шахслари фош этилди. Ушбу ноқонуний схема Бош прокуратура ҳузуридаги Департамент ва Солиқ қўмитаси ҳамкорлигида ўтказилган текширувда аниқланган.
Расмий хабарга кўра, бир компания мутасаддилари 76,2 миллиард сўмлик маҳсулот сотилгани ҳақида сохта маълумот киритиб, харид чекларини Телеграм орқали ижтимоий реестрдаги 2 475 нафар фуқарога сотишган. Натижада Soliq Mobile иловаси орқали 7,5 миллиард сўм кешбек ҳисобланиб, шундан 4,1 миллиард сўми тўлаб берилган.
Шунингдек, Чилонзор туманидаги икки компания томонидан ҳам худди шундай усулда 640,8 миллион сўмлик бюджет маблағи ўзлаштирилган.
Гумонланувчилар ижтимоий ҳимояга муҳтож шахсларга 70–150 минг сўм атрофида пул бериб, уларнинг номидан фойдаланишган.
Мазкур ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг 167-моддаси (ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш) ва 228-моддаси (ҳужжатларни қалбакилаштириш) бўйича жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Олдинроқ Ўзбекистонда сохта ҳужжатлар ва қалбаки фискал чеклар орқали миллиардлаб сўмлик кешбек маблағларини ноқонуний ундириб олмоқчи бўлган йирик тизимли фирибгарлик схемаси фош этилганди.

Изоҳлар мавжуд емас