Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Яшнобод туманида банк масъул ходими ва бир гуруҳ шахслар сохта ҳужжатлар орқали ажратилган йирик миқдордаги кредит маблағини талон-торож қилганлиги фош этилди.
Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментнинг Яшнобод тумани бўлими томонидан ўтказилган текширувда тижорат банкининг маҳаллий филиали бўлим бошлиғининг жиноий режаси очилган. Маълум бўлишича, у бир компания мутасаддилари билан тил бириктириб, бошқа компания номига 120 000 доллар миқдорида кредит ажратилишини таъминлаган.
Кейинчалик гуруҳ аъзолари сохта ҳужжатларни расмийлаштириш орқали ушбу маблағни нақдлаштириб олишган. Энг ачинарлиси, банкдан ўғирланган 120 000 долларнинг барчаси интернет тармоқларидаги қимор ва таваккалчиликка асосланган ўйинларга (онлайн казино ёки букмекерлик) тикиб юборилган.
Ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 167-моддаси (ўзлаштириш ёки растрата) ва 228-моддаси (ҳужжатларни қалбакилаштириш) билан жиноят иши қўзғатилган. Ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, Нукусда ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари ўзини банк ходими сифатида таништириб, фуқароларга умумий қиймати 1,5 миллиард сўмлик имтиёзли кредит олишда ёрдам беришни ваъда қилган муқаддам судланган шахсни қўлга олганди.

Изоҳлар мавжуд емас