Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Тошкент шаҳрининг Яккасарой туманида йўл ҳаракати қоидаларини қўпол равишда бузиб, бир нечта транспорт воситасига шикаст етказган Cobalt ҳайдовчиси ички ишлар органлари ходимлари томонидан тўхтатилди.
Тошкент шаҳар ИИББ маълумотига кўра, воқеа 11 июнь куни соат 21:34 атрофида Шота Руставели кўчасида содир бўлган. 44 ёшли фуқаро бошқарувидаги Cobalt автомашинаси ҳаракат иштирокчилари ҳаёти ва хавфсизлигига таҳдид солган ҳолда ҳаракатланган.
Ҳайдовчи ИИО ходимларининг тўхташ ҳақидаги қонуний талабига бўйсунмасдан, ҳаракатни давом эттирган ва бир нечта автомашинага техник шикаст етказган.
Фуқаролар хавфсизлигини таъминлаш мақсадида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан тезкор чоралар кўрилган. Огоҳлантириш берилганидан сўнг ҳайдовчининг автомашинаси ғилдирагига табел қуролидан ўқ узилиб, транспорт воситаси тўхтатилган.
Маълум қилинишича, ҳайдовчи руҳий-асаб касалликлари шифохонасида рўйхатда турган шахс ҳисобланади.
Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан Тошкент шаҳар ИИББ томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда. Текширув натижаларига кўра қўшимча маълумот берилиши билдирилган. Ҳолат шаҳар ИИББ раҳбарияти назоратига олинган.

Изоҳлар мавжуд емас