Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. ДХХ томонидан ўтказилган тезкор тадбир давомида Тошкент шаҳрида ижарада яшаб келаётган андижонлик фуқаро катта миқдордаги, жумладан 15 минг донадан ортиқ кучли таъсир қилувчи "Прегабалин" психотроп моддалари билан ушланди. Умумий қиймати 1,6 миллиард сўмга баҳоланган Ҳиндистондан ноқонуний олиб кирилган бу дориларни пойтахтда сотишни режа қилган уддабуронга жиноят иши қўзғатилиб, қамоқ эҳтиёт чораси қўлланилган.
Маълумотларга кўра, 31 ёшли фуқаро қўлга олинган. Унинг хонадонидан тахминий қиймати 1,5 млрд сўм бўлган 15 330 донa "Прегабалин" ҳамда сифати тасдиқланмаган, умумий қиймати 100 млн сўмлик 2 872 дона турли тиббий дори воситалари топилган ва расмийлаштирилган.

Ҳолат юзасидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 251¹-моддаси 5-қисми (Кучли таъсир қилувчи ёки заҳарли моддаларни қонунга хилоф равишда муомалага киритиш) билан жиноят иши қўзғатилди ва айбланувчига нисбатан “қамоқ” эҳтиёт чораси қўлланилган.
Эслатиб ўтамиз, Андижонда ҳам Қирғизистондан контрабанда йўли билан олиб келинган кучли таъсир қилувчи "Регапен" дори воситаларининг катта партияси мусодара қилинганди. Аварияга учраган Changan электромобилини текшириш чоғида 5 мингдан ортиқ таблетка топилган эди.

Изоҳлар мавжуд емас