Ўзбекистон, Тошкент – Batafsil.uz. Тошкентда эгалари ўзбекистонликларнинг пулини ўзлаштириб юрган сохта автосалон фаолиятига чек қўйилган. Бу ҳақда ИИББ маълумотларига ҳавола қилган ҳолда мухбиримиз хабар бермоқда.
Фирибгарлар оддий схема бўйича иш тутишган - улар автомобилларни сотиб олиш бўйича шартномаларни расмийлаштиришган, мижозлар пул тўлашсада, натижада на пулли, машинали бўлишган. Салон эгалари шу каби ўнлаб шартномалар тузишган, бироқ охир-оқибат “гумдон” бўлиб, янги автосалон очишган ва ушбу схемани қайта ишга солишган.
Худди шундай ҳолат Тошкентнинг бир неча туманларида ҳам юз берган, алданган мижозлардан ИИББга ўнлаб аризалар тушган. Тергов давомида аниқланишича, “Юксалиш файз автокредит” компаниясининг мансабдор шахслари мижозларга навбатсиз ва имкон қадар тезроқ автомобиль етказиб беришни ваъда қилишган. Бироқ, мижозларга машиналар берилмаган.
Жами бу компания 828 миллион сўмдан зиёд пулни ўзлаштиришга муваффақ бўлган.
Мижозлардан бирининг айтиб беришича, шартнома бўйича пулни банк орқали тўлаб, ҳаммасини қонуний деб ўйлаган. Компания унга бир ой ичида машинани олиб беришни ваъда қилган, аммо муддат ўтганидан сўнг билишича, компания аллақачон ёпилиб кетган экан.
Фирибгарлик схемаси “Юксалиш қайз автокредит”нинг ижрочи директори томонидан яратилган. Қизиғи шундаки, фуқаро шу каби жиноятларни содир этгани учун Жиззах вилоятида қўлга олинган.
Мазкур ҳолат бўйича Жиноят кодексининг 168 моддаси (фирибгарлик) 4 қисми бўйича жиноий иш қўзатилган. Тергов ҳаракатлари давом этмоқда.
Мазкур ҳуқуқбузарлик учун БҲМнинг тўрт юз бараваридан олти юз бараваригача жарима ёки саккиз йилдан ўн йилгача озодликдан маҳрум этиш белгиланган.
Изоҳлар мавжуд емас