Ўзбекистон, Тошкент – Batafsil.uz. ИИВ маълумотлари асосида мухбиримиз хабар беришича, Тошкентда “Ҳизб ут-Таҳрир” диний-экстремистик ташкилотининг 10 нафар тарафдори ушланган. Барча қўлга олинганлар пойтахтнинг Олмазор туманида яшаган. ИИВнинг маълум қилишича, барча ушланганлар шу ташкилот сафида бўла туриб содир этган жиноятлари учун муқаддам судланган.
Тергов маълумотларига кўра, қўлга олинганлар хориждаги "Ҳизб ут-Таҳрир" аъзолари билан Интернет орқали мулоқот қилган ва уларнинг кўрсатмасига кўра аҳоли орасида экстремистик ғоялар тарғиботи ва янги тарафдорларни жалб қилиш билан шуғулланган.
Ҳибсга олинганларнинг хонадон ва телефонларидан "Ҳизб ут-Таҳрир" ташкилотига тегишли диний адабиётлар ва материаллар топилган. Айни пайтда қўлга олинганларнинг ҳаракатларига ҳуқуқий баҳо бериш, уларни жавобгарликка тортиш юзасидан тергов ишлари олиб борилмоқда.
Эслатиб ўтамизки, бундан бир неча кун аввал Тошкент шаҳри ва вилоятида "Ҳизб ут-Таҳрир" экстремистик ташкилотининг аёллар қанотига аъзо бўлган 29 нафар қиз қўлга олинган эди.
"Ҳизб ут-Таҳрир" диний экстремистик ташкилоти 1953 йилда Фаластинда Такиюддин Набиҳоний томонидан мусулмон мамлакатларида, сўнгра бутун дунёда ягона халифалик ўрнатиш мақсадида ташкил этилган.
Бугунги кунда ушбу ташкилот фаолияти Россия Федерацияси, Германия, Хитой Халқ Республикаси, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон Республикаси ва бошқа бир қатор давлатлар ҳудудида тақиқланган.
Ўзбекистон Олий судининг 2016 йил 26 сентябрдаги қарори билан "Ҳизб ут-Таҳрир" диний экстремистик ташкилоти республика ҳудудида фаолияти тақиқланган ташкилотлар рўйхатига киритилган.
Изоҳлар мавжуд емас