Ўзбекистон, Тошкент – Batafsil.uz. Тошкентда ижтимоий тармоқларда “касса GАР” молиявий пирамида ташкил қилган гуруҳ аъзолари қўлга олинган. Унинг фаолиятидан 60 дан ортиқ фуқаро жабрланган. Бу ҳақда мухбиримиз хабар бермоқда.
Пирамида ташкилотчилари бу фирибгарлик эмас, балки қариндошлар ва танишлар ўртасидаги ўзаро ёрдам кассаси эканлигини таъкидлаб келишган.
"14 апрель куни мен Телеграмда канал ва гуруҳ очдим. Ҳаммаси тўғри ишлаши учун каналда 125 киши бўлиши керак эди. Ўйин шартларига кўра, бир киши 1 миллион сўм ўтказиб, етти кундан сўнг 1,7 миллион сўм олиши белгиланган. Каналда пластик карточкалар маълумотлари қўйилган. Бошида ҳар бир даврада беш киши бор эди. Ҳамма ўз навбатида пулини олиб келди, аммо одамлар ўз қариндошларини қўшишни бошладилар, иштирокчилар сони кўпайди ва тузилма бузилди", - деди пирамида асосчиларидан бири.
Аёлнинг сўзларига кўра, унинг иккита ёрдамчиси бўлган, улар контентни бошқариб келган, иштирокчиларга қоидаларни тушунтириб боришган.
“Мен иштирокчиларга пул тўлаш билан шуғулланардим. Шартларга кўра, пулнинг бир қисми омонатга, бошқа қисми эса админларга жўнатилган, ўзим учун ҳам пул сақлаб қўйганман. Бундай канални очганимдан афсусдаман", - дея қўшимча қилди у.
Шундай қилиб, аёл бир ҳафта ичида пулни 70 фоизга оширишга ваъда қилган. Ишончга кириб, у фуқароларнинг пулларини ўзлаштирган, уларнинг аксарияти алданган. Ушбу ҳолат бўйича 60 дан ортиқ киши шикоят билан мурожаат қилган.
"Мен ушбу ўйинни Инстаграмда кузатиб бордим. Кейин Телеграммдаги гуруҳга қўшилдим ва ўйнашни бошладим. Бизга бу молиявий пирамида эмаслигини айтишди. Биринчи марта 1 миллион сўм ўтказиб, бир ҳафтадан кейин 1,7 млн. сўм олдим. Кейин 3 млн. сўм ўтказдим, лекин негадир 2.1 миллион сўм берилди. Кейин 4 миллион сўм тўладим, аммо бир сўм ҳам ололмадим", - деди қурбонлардан бири.
Мазкур ҳолат бўйича Жиноят кодексининг 188-1-моддаси иккинчи қисми (маблағларни ёки бошқа мол-мулкни жалб қилиш бўйича ноқонуний фаолият) бўйича жиноят иши очилган. Тергов тадбирлари давом этмоқда.
Ушбу жиноят учун БҲМнинг уч юздан беш юзга бараваригача жарима ёки икки йилдан уч йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёки беш йилдан етти йилгача озодликдан маҳрум қилиш белгиланган.
Изоҳлар мавжуд емас