Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Озарбайжоннинг етакчи давлат банки — Озарбайжон Халқаро банки (ABB) Ўзбекистондаги хусусий "Давр банк" акцияларининг 51 фоизлик назорат пакетини сотиб олиш битимини якунлади. Битим қиймати 100 миллион долларни ташкил этди.
Бу ҳақда 23 август куни Тошкентда Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ва Озарбайжон Президенти Илҳом Алиев иштирокида ўтказилган қўшма лойиҳалар тақдимотида маълум қилинган.
Эришилган келишувларга кўра, Озарбайжон банки келгусида "Давр банк"нинг яна 23 фоиз акциясини сотиб олиш ҳуқуқини берувчи опционга ҳам эга бўлган. Агар ушбу механизм амалга оширилса, Халқаро банкнинг "Давр банк"даги улуши 74 фоизгача етиши мумкин. Ушбу келишувни "Давр банк" акциядорлари жорий йилнинг 8 июнь куни мақуллаган эди.
Илҳом Алиев оммавий ахборот воситалари учун ўтказилган брифингда ушбу воқеани икки мамлакатнинг молия ва банк соҳасидаги ҳамкорлигида янги босқич сифатида баҳолаган.
Маълумот учун, 2001 йилда ташкил этилган "Давр банк"нинг умумий активлари тахминан 1 миллиард долларни ташкил этади. Банкнинг мамлакат бўйлаб 43 та филиали мавжуд бўлиб, 1,4 миллион нафардан ортиқ мижозга хизмат кўрсатиб келмоқда.
Банк шунингдек, Европа тикланиш ва тараққиёт банки (ЕБРР), Халқаро молия корпорацияси (ХМК) ва Осиё тараққиёт банки (ОТБ) каби халқаро молия институтлари билан фаол ҳамкорлик қилади. 2025 йил якунларига кўра, банкнинг асосий молиявий кўрсаткичлари 30–45 фоизга ўсган.
Олдинроқ Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ва Озарбайжон Президенти Илҳом Алиев Янги Тошкентда Низомий номидаги Ўзбекистон Миллий педагогика университетининг янги кампусини тантанали равишда фойдаланишга топширгандилар. Давлат раҳбарлари таълим, илм-фан ва маданият соҳаларидаги ҳамкорлик икки қардош халқ ўртасидаги алоқаларни янада мустаҳкамлашини таъкидлаган эдилар.

Изоҳлар мавжуд емас