Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Россиянинг Омск шаҳридаги қурилиш майдонида юз берган кучли ёнғин оқибатида оғир тан жароҳати олган 23 ёшли Ўзбекистон фуқароси шифохонада вафот этди. Жорий йилнинг 15 август куни содир бўлган ҳодиса оқибатида ҳалок бўлганлар сони тўрт кишига етди, улар орасида Қозоғистон ва Тожикистон фуқаролари ҳам бор.
Терговнинг дастлабки маълумотларига кўра, фожиа Крупская ва Архитекторлар кўчалари кесишмасида жойлашган "Кварталы Драверта" турар жой мажмуаси қурилиш майдонида юз берган. Юқори қаватларда пайвандлаш (сварка) ишлари олиб борилаётганда пайдо бўлган учқунлар биринчи қаватда тахлаб қўйилган тез ёнувчи "пеноплекс" изоляция маҳсулотлари устига тушган ва аланга тез фурсатда тарқалиб, атрофни қора кучли тутун қоплаган.
Оқибатда юқори қаватларда ишлаётган ишчилар тўсиқда қолиб кетган ва айримлари жонини сақлаб қалиш учун пастга сакрашга мажбур бўлган. Ҳодиса жойида уч киши — бир нафар Қозоғистон ва икки нафар Тожикистон фуқароси ҳалок бўлган.
Жами 11 нафар ўзбекистонлик жабрланган бўлиб, улардан саккиз нафари танасининг 90 фоизгача куйиш жароҳати билан реанимацияга ётқизилган эди. Ҳозирда Россия прокуратураси томонидан одамлар ўлимига сабаб бўлган меҳнатни муҳофаза қилиш қоидаларини бузиш моддаси бўйича жиноят иши олиб борилмоқда.

Изоҳлар мавжуд емас