Тошкентда хорижлик фуқароларни алдаган 131 киши йўлга олинди
Ҳодисалар

Тошкентда хорижлик фуқароларни алдаган 131 киши йўлга олинди

21
Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz.  "Хавфсиз ва соғлом юрт" тезкор-профилактик тадбирлари доирасида Ички ишлар вазирлигининг Кибержиноятларга қарши курашиш департаменти ҳамда Давлат хавфсизлик хизмати томонидан халқаро фирибгарлик тармоғи фаолиятига чек қўйилди.

Тезкор тадбирлар давомида Тошкент шаҳридаги икки йирик колл-марказ фош этилган.  Яшнобод туманидаги бизнес марказларидан бирида 97 нафар шахс, шундан беш нафари чет эл фуқароси экани аниқланган. Яккасарой туманидаги яна бир колл-марказда эса 34 нафар шахс фаолият юритган бўлиб, уларнинг уч нафари хорижлик экани маълум бўлган.

Дастлабки маълумотларга кўра, жиноий тармоқ аъзолари Канада, Буюк Британия, Германия, Норвегия, Нидерландия, Дания ва бошқа давлатлар фуқароларини юқори даромадли инвестиция ва криптовалюта лойиҳалари баҳонасида алдаб, уларнинг маблағларини ўзлаштириб келган. Бунинг учун чет тилларини яхши биладиган ёшлар, жумладан нуфузли олийгоҳлар талабалари ишга жалб қилиниб, улар ҳар куни юзлаб қўнғироқларни амалга оширган.

Тергов маълумотларига кўра, колл-марказларда бошқарувчилар, жамоа етакчилари ва операторлар сохта рақамлар орқали хорижликлар билан мулоқот қилиб, ўзларини трейдер сифатида таништирган ҳамда фишинг ҳаволалари ёрдамида жабрланувчиларни криптоактивларга пул ўтказишга кўндирган. Ходимлар махфийлик қоидалари бўйича махсус ўқитилган, бинога кириш эса қатъий назорат қилинган.

Тинтувлар давомида жиноий фаолиятда фойдаланилган 136 та компьютер, 90 та монитор, 73 та процессор, 53 та моноблок, 320 та телефон аппарати, 128 та қаттиқ диск, 175 та хотира қурилмаси, иккита сейф ҳамда бошқа ашёвий далиллар мусодара қилинган.

Мазкур ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилган. Терговга кўра, схемани чет эл фуқароси 48 ёшли Ўзбекистон фуқароси билан ҳамкорликда ташкил этган. Жиноий гуруҳнинг икки нафар раҳбари ва асосий гумондорлардан яна саккиз нафари қамоққа олинган. Шунингдек, яна 10 нафар гумондор қамоққа олиниб, қолган 111 нафар шахс юзасидан тезкор суриштирув ва тергов ҳаракатлари давом эттирилмоқда.

Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ушбу операция нафақат йирик жиноий тармоқни фош этиш, балки минглаб инсонларнинг молиявий йўқотишларининг олдини олиш, Ўзбекистон ҳудудининг халқаро киберфирибгарлар марказига айланишига йўл қўймаслик ҳамда мамлакатнинг халқаро нуфузини ҳимоя қилишга қаратилганини таъкидлаган. Шу мақсадда Европа ва Шимолий Америка давлатларига Интерпол ва халқаро ҳамкорлик каналлари орқали тегишли сўровлар юборилмоқда.

Ўзбекистон бўйлаб янгиликлар: Telegram-каналга уланинг



Мақоладан таъсирланиш
Ёқади
0
Таҳсинга лойиқ
0
Хурсандчилик
0
Ҳайрон бўлмоқ
0
Тушкунлик
0
Хомушлик
0
Ҳафсаласи пир бўлмоқ
0
Ёқмайди
0

0 изоҳлар

  • Изоҳлар мавжуд емас

Рухсат олинг Шарҳлар қолдириш мумкин бўлиши учун.


Бошқа янгиликлар

Юклаш...