Ўзбекистон, Тошкент – Batafsil.uz. Ички ишлар вазирлиги Тергов департаменти маълумотларига ҳавола қилган ҳолда мухбиримиз хабар беришича, Тошкентда молиявий пирамида ташкил қилган бир гуруҳ хорижликлар ушланган.
Мазкур воқеа аслида ўтган йили 15 январь куни бошланган. Украинанинг 29 ёшли фуқароси бир гуруҳ шахслар билан тил бириктириб, Тошкентда Golden Cash store хорижий компаниясини ташкил қилган.
Корхонанинг асосий фаолият улгуржи савдо бўлсада, пул маблағлари ва мол-мулкни жалб этишга доир ноқонуний фаолият билан шуғулланиб келган. Маълум қилинишича, “Golden Cash story” МЧЖ ушбу корхонага тилла ва кумуш буюмларини инвестиция тариқасида киритган тақдирда, корхона томонидан ишлаб чиқарилган тилла ва кумуш маҳсулотларини сотиш орқали орттирган даромадларидан ҳар куни 2 фоиз, йилига 260 фоиздан даромад бериб бориш билан одамларни қизиқтириб келган.
Натижада кўплаб ўзбекистонликлар гўёки тиллар буюмларни сотиб олиш учун катта пул маблағларини компанияга топширган.
Афсонани сақлаб қолиш учун компания баъзи мижозларга янги иштирокчилар ҳисобидан фоиз тўлаб келган ва оқибатда кўпроқ ўзбекистонликларни жалб қилган.
17 ноябрь куни “Golden Cash story” МЧЖ кўринишдаги хорижий корхона ва унинг мансабдор ходимларига нисбатан Жиноят кодексининг 1881-моддаси 2-қисми “в,г” бандлари (пул маблағларини ва (ёки) бошқа мол-мулкни жалб этишга доир ноқонуний фаолият) билан жиноий иш қўзғатилган.
Ҳозирда мазкур жиноят иши бўйича фуқароларга етказилган зарарни аниқлаш ишлари амалга оширилмоқда. Беш нафар хорижликка айблов эълон қилиниб, ҳар бирига нисбатан “қамоққа олиш” тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилган.
Изоҳлар мавжуд емас