Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Тошкент шаҳридаги Экопарк яқинидан оқиб ўтувчи Салар каналида турли ҳажмдаги, жумладан, декоратив балиқларнинг оммавий нобуд бўлгани аниқланди. Ҳодиса сабаблари номаълумлигича қолмоқда.
Маълумотларга кўра, Экопарк боғининг жанубий қисми ҳамда Махтумқули ва Абдулла Қодирий кўчалари кесишмасида канал сувида оқиб кетаётган ва саёзликларда илиниб қолган кўп сонли ўлик балиқлар кузатилган.
Ҳолат юзасидан Тошкент шаҳри Экология бошқармаси мониторинг бўлимининг таҳлилий лабораторияси ходимлари сувдан намуналар олишган.
Текширув ва таҳлил натижалари 4−5 кун ичида тайёр бўлиши маълум қилинган.
Тошкент шаҳар ҳокимлиги матбуот хизматининг билдиришича, Экопарк ва католик черкови яқинидаги вазият шаҳар ҳокимлиги томонидан назоратга олинган.
Ҳозирда атроф-муҳитга етказилган зарар ва ифлосланиш манбасини аниқлаш бўйича суриштирув ишлари олиб борилмоқда.

Изоҳлар мавжуд емас