Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Энергетика вазирлиги электр энергияси ва табиий газ таъминотида муаммолар кўп учраётган 15 та туманда махсус штаблар ташкил этди. Уларнинг асосий вазифаси жойлардаги муаммоларни таҳлил қилиш, инфратузилмани модернизация қилиш ва аҳолига кўрсатилаётган хизматлар сифатини оширишдан иборат.
Вазирлик маълумотига кўра, ҳар бир штабга энергетика тизими ташкилотлари раҳбарлари бошлиқ этиб бириктирилган, туман ҳокимлари эса уларнинг ўринбосари сифатида фаолият юритади.
Махсус штаблар Андижон, Давлатобод, Денов, Фарғона, Косон, Мирзо Улуғбек, Қўштепа, Сирдарё, Тўрткўл, Урганч, Ургут, Хатирчи, Янгийўл, Ғиждувон ва Шароф Рашидов туманларида ташкил этилган
Вазирликнинг таъкидлашича, мазкур туманлар электр ва газдан қарздорлик даражаси юқорилиги, энергия ресурсларидаги техник йўқотишлар кўплиги, эскирган инфратузилма ҳамда аҳоли мурожаатлари сони каби мезонлар асосида танлаб олинган.
Ушбу ҳудудларда электр ва газ тармоқларини модернизация қилиш, эскирган ускуналарни алмаштириш, трансформатор пунктларини таъмирлаш, электр тармоқларини дарахт шохларидан тозалаш, шунингдек, газ тақсимлаш қурилмалари ва қувурларни қайта кўрикдан ўтказиш ишлари босқичма-босқич амалга оширилиши режалаштирилган.

Изоҳлар мавжуд емас