Ўзбекистон, Тошкент – Batafsil.uz. Тошкентда солиқ инспекцияси ходими кетиб қолган хотинини аёвсиз калтаклаган. Агарда у бор-йўғи ярим сантиметрга “адашганида” эди, аёл тирик қолмасди. Бу ҳақида Batafsil.uz. мухбири хабар бермоқда.
Зўравонликка қарши NeMolchi.uz лойиҳаси ўлдирилишига сал қолган ёш аёл ҳақидаги яна бир мудҳиш воқеани чоп қилган. Энг муҳими шундаки, бўлиб ўтган воқеадан сўнг ҳам аёлга қарши янги ҳужумлар бўлмаслигига ҳеч ким кафолат бермайди. Бироқ, ҳаммасини батафсил кўриб чиқайлик.
Четдан қараганда Шаҳло (исми ўзгартирилган) ва Дилшоднинг никоҳлари беғубор кўринган. Каттакон уй, фаровонлик, чиройли болалар... Бахтли ҳаёт учун яна нима керак? Эри Яккасарой тумани солиқ инспекциясида ишлайди. Минг афсуски, биринчи қарашдаги осудалик ортида доимий жанжаллар ва қўл кўтариш ҳолатлари ҳукм суриб келган. Шаҳло эса аксарият ўзбек аёллари каби гапни кўчага чиқармаган. Эри охир-оқибат қизига кўл кўтарган. Сабр косаси тўлган аёл уйдан кетган. Дилшод ортидан юриб ёлворган, қайтиб келишни сўраган.
2021 йилнинг апрелида фожеа юз берган: уларнинг 14 ёшли ўғли вафот этган. Аёл ўзига келишига улгурмай, уч ҳафта ўтгач, эрининг ёш қиз билан "никоҳ" ўқитиб, уни уйига олиб келганини билган. Шунга қарамай, у Шаҳлони тинч қўймаган, қайтиб келишини сўраверган.
Шаҳло турмуш ўртоғига янги оила билан шуғулланиб, унинг орқасидан юрмаслигини айтган. Лекин эри иш жойига, болалари билан бирга яшаётган отасининг уйига бораверган. Натижада, аёл отасининг дўстидан ижарага уй олиб кетишга мажбур бўлган. Янги уй ўз тураргоҳи ва ёпиқ ҳудудига эга бўлган. Аёл у ерда уни ҳеч ким безовта қилмайди, деб ўйлаган.
Июнь ойининг охирларида Шаҳло одатдагидек, қўриқланадиган ер ости тураргоҳга кириб борган. Машинадан чиқиши биланоқ, эри унинг ёнига югуриб келиб:
-Кимнинг ҳузурига келдинг?, -дея бақирган.
-Сенинг ишим бўлмасин, - деган аёл ва қанчалиқ кўрқмасин, ўзини сақлашга ҳаракат қилган.
Шу заҳотиёқ эркак аёлини ура бошлаган. Бахтга қарши гаражда ҳеч ким бўлмаган. Шаҳло қўлини узатиб, машина сигналини босаверган, бироқ қўриқлаш хизматидан бирор киши келмаган. Дилшод аёлни ерга йиқитиб олиб, юзидан оёғи билан аёвсиз урган. Даставвал қўрқув, афсус ва оғриқ бўлган. Кейин эса қоронғулик.. Қолганини Шаҳло эслай олмайди. Уришни бас қилиб, Дилшод аёлни касалхонага олиб борган ва хотинини жазмани билан ушлагани учун калтаклаганини айтган.
Шу пайтда Шаҳлонинг қизи онаси келмаганидан хавотирланиб, 102га қўнғироқ қилган. Ер ости гаражга тушиб қараса, онасининг машинаси очиқлиги, атрофи қонга бўялганини қўрган. Онаси эса йўқ...
Воқеа жойига етиб келган тезкор ходимлар кузатув камераларидаги ёзувни олиб кўришган. Маълум бўлишича, аёлнинг ёлғиз ўзи бўлиб, эри томонидан аёвсиз калтакланган. Кейинчалик шифокорларнинг сўзларига кўра, эркак ярим сантиметрга “адашганида”, артерияга зарар етиб, аёл ўлиши мумкин эди. Икки ҳафта ўтиб МСКТ текшируви Шаҳлонинг пешона суяги, юқори жағ ва бош қисмининг кўплаб жойлари синганини кўрсатган.
Дилшодга нисбатан Жиноят кодексининг 104-моддаси (қасддан оғир жароҳат етказиш) бўйича иш очилган. У уч йилдан беш йилгача озодликни чеклаш ёки уч йилдан беш йилгача озодликдан маҳрум этиш жазосига маҳкум қилиниши мумкин. Аммо у ёш хотинидан ажралгани учун аёл билан ярашишга ҳаракат қилиб, Шаҳлони таъқиб қилмоқда.
“Мен унга: Сен уйландинг, мени тинч қўй”, -десамда, у кўнмаяпти, ажралишга рози эмас. Жуда чарчадим.. Терговчига қўнғироқ қилиб, ёрдам сўрадим, чунки таъқиб қилиш тўхтамаяпти. У тинчланганга ўхшайди, лекин яна келмаслигига кафолат йўқ”, -деди аёл.
Дилшод ҳали ҳам озодликда юрибди ва аёлни ҳеч ким унинг таъқибидан ҳимоя қилмайди. Терговчилар аёллар иши бўйича инспекторни чақиришмаган, ҳеч ким Шаҳлога ҳимоя ордерини таклиф қилмаган. Калтакланганига уч ой бўлган, аммо Шаҳло тергов қайси босқичда ва суд қачон бўлишини билмайди.
Бу хабар, бошқалари каби, Ўзбекистонда уй зўравонлиги қурбонлари ҳимоя қилинмаётганини исботлайди. Уйдаги зўравонликни кўчадаги жанжал билан тенглаштириб бўлмайди. Уйдаги зўравонлик жиноятга тенглаштирилиши ва жиноятнинг алоҳида тури сифатида янада оғир жазоланиши керак, чунки:
-
бу аслида жиноятлар мажмуидир. Уй зўравонлиги босимнинг бир неча турини ўзида бирлаштиради: психологик, жисмоний, ҳиссий, жинсий ва ҳоказоларни
-
қурбонлар кўпинча тажовузкорга қарам бўлишади ва шунинг учун онгли қарор қабул қила олмайди
-
тажовузкорлар кўпинча собиқ турмуш ўртоқларини таъқиб қилиб, уларнинг ўзини ёки фарзандларини қўрқитишади, психологик босим ўтказишга ҳаракат қилишади
-
кўп ҳолларда уйдаги зўравонликнинг жисмоний кўринишлари қийноқ хусусиятига эга. Қурбонлар камдан-кам ҳолларда биринчи воқеадан кейин ҳимоя излаб мурожаат қилишади
-
Уйдаги зўравонлик деярли ҳар доим болаларнинг кўз олдида содир бўлади. Улар калтакланмаса ҳам, доимий хўрлаш ва калтаклашнинг гувоҳ бўладилар ва бу уларнинг руҳияти ва хулқига салбий таъсир кўрсатади.
Изоҳлар мавжуд емас