Ўзбекистон, Тошкент – Batafsil.uz. Мухбиримиз хабар беришича, Тошкентда қурувчи томонидан мажбуран уйидан чиқарилган Мавжуда Маматқосимова кеча вафот этган.
Бу ҳақида журналист Алексей Волосевич ўзининг Facebookдаги саҳифасида маълум қилган.
“2021 йилнинг 28 март куни Мавжуда Маматқосимова вафот этди. Тиббий ташҳис расман қандай бўлмасин, 16 март унинг мажбуран уйидан чиқарилиши ва қонунийликнинг ошкорона паймол қилиниши ўлимга сабаб бўлгани шубҳасиздир”, -дея таъкидлади у.
Унинг сўзларига кўра, Мавжуда ўз оиласи билан Олтинтепа кўчасидаги шахсий квартирасида яшаб келган. 2019 йилда BB-stroy компанияси Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаевдан кўп қаватли турар жойни қуришга рухсатнома олган. Компанияга бу ердаги икки қаватли уйларни бузишга рухсат берилган. Мавжуда Маматқосимова таклиф килинган товон пулига рози бўлмаганлиги боис, қурувчи Мирзо-Улуғбек тумани фуқаролик судига мурожаат қилиб, оиланинг мажбуран чиқарилишига эришган.
“Психологик стресс ва яшовчиларни охиригача чиқармасдан туриб BB-Stroy томонидан бошланган жадал қурилиш Мавжуданинг саломатлигига таъсир қилди. У комага тушиб, вафот қилди”, - деб ёзмоқда журналист.
“Мен нима қилишни умуман билмаяпман. Болаларимни ўзим улғайтирдим, давлатдан ҳеч қандай ёрдам олганим йўқ. Ҳеч кимга мурожаат қилмасдан, фақат ўзимга таянганман. Шахсий мулкимни қандай қилиб тортиб олиш мумкин. Бу ахир 2004 йилда ўз пулимга олинган ягона квартирамку?!, - дея қайд этганди Маматқосимова яқинда берган интервьюсида.
У билан ёзиб олинган видеолавҳани кўриб, оддий кишиларнинг уйини тортиб олишга имкон берувчи тизим ҳақида қизиқарли маълумотларни олиш мумкин. Кейинги жабрдийда ким бўлиши, қурувчилар ўзини тийиши мумкинми, давлатимизда ўзи адолат борми, деган саволлар очиқ қолмоқда.
Batafsil.uz таҳририяти марҳуманинг яқинларига чуқур ҳамдардлик билдиради.
Ўзбекистон бўйлаб янгиликлар: Telegram-каналга уланинг
Изоҳлар мавжуд емас