Загрузка
Загрузка
Тошкентдаги "Юнусобод Сити" ҳудудида ўнлаб "гўшт учун боқилаётган" итлар аниқланди — зоофаоллар
Ҳодисалар

Тошкентдаги "Юнусобод Сити" ҳудудида ўнлаб "гўшт учун боқилаётган" итлар аниқланди — зоофаоллар

11
Загрузка

Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz.  Тошкентдаги "Юнусобод Сити" ҳудудида зооҳимоячилар хусусий секторда сиғими тўлиб кетган қафасларда кўплаб итлар сақланаётганини аниқлади. Фаоллар ва маҳаллий аҳоли маълум қилишича, ҳайвонлар хорижлик ишчилар томонидан сақланган ва овқат учун ишлатилган. Ҳолат юзасидан мутасаддилар муносабат билдирди.

Зооҳимоячиларнинг айтишича, яқин атрофдаги уйлар аҳолиси аввал ҳам итларнинг доимий ҳуриши ва инграшидан шикоят қилган. Бу сабабли улар тунлари нормал ухлай олмаган. Мурожаатдан сўнг фаоллар воқеа жойига бориб, ҳайвонлар сақланаётган қафасларни аниқлаган.

"Ҳаёт" бошпанаси асосчиси Ирода Маткаримованинг сўзларига кўра, ўша вақтда олти итни бошпанга олиб кетишга муваффақ бўлинган. Шундан сўнг ҳудудга тегишли идоралар вакиллари ҳам келиб, вазиятни ўрганишга ваъда берган. Фаолларнинг таъкидлашича, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар қафасларни демонтаж қилиш ва у ерда бўлган хорижлик ишчиларни ҳайвонларга бундай муносабатда бўлиш мумкин эмаслиги ҳақида огоҳлантиришга ваъда берган.

Бироқ маълум вақт ўтиб, аҳоли яна зооҳимоячиларга ҳудудда кўплаб итлар тўплангани ҳақида хабар берган. Бу сафар фаоллар бир нечта қафасни аниқлаган, уларнинг ҳар бирида ўнлаб ҳайвонлар бўлганини билдирган.

Зооҳимоячилар милицияга мурожаат қилиб, ҳолатни яна бир бор текширишни талаб қилган. Итларга нисбатан шафқатсиз муносабатда бўлингани ҳақидаги хабарлар ортидан расмийлар воқеа жойига бориб, 20 га яқин итни қутқарди. Ҳайвонлар "Ҳаёт" бошпанасига олиб кетилган.

Туман ҳокимлиги ҳамда Тошкент шаҳар жамоат ишлари бош бошқармаси ҳузуридаги дайди ҳайвонларни овлаш хизмати ходимлари қурилиш майдончасида бўлган. Расмий маълумотга кўра, итлар тор ва ноқулай шароитда, кўп сонли ҳолда сақланган.

Ҳайвонларга нисбатан шафқатсизлик қилингани, шунингдек, улардан озиқ-овқат сифатида фойдаланиш мумкинлиги ҳақидаги маълумотлар ҳозирда тегишли органлар томонидан текширилмоқда.

Тошкент шаҳар маъмурияти ҳайвонларга нисбатан ҳар қандай шафқатсизликни қоралашини билдирган. Шунингдек, ҳолатга ҳуқуқий баҳо беришда шахсларнинг миллати ёки фуқаролигидан қатъи назар, қонунга риоя қилиш ва ҳайвонларга масъулиятли муносабатда бўлиш асосий мезон экани таъкидланган.

Айни пайтда Тошкентда дайди ҳайвонлар учун биринчи ихтисослаштирилган шаҳар бошпанасини ташкил этиш ишлари ҳам олиб борилмоқда. У ерда ҳайвонларни инсонпарварлик асосида тутиш, ветеринар кўриги, эмлаш, стерилизация, даволаш, вақтинча сақлаш ва эгасига қайтариш каби хизматларни йўлга қўйиш режалаштирилган.

Расмийлар итларни қутқаришда ёрдам берган аҳоли, зооҳуқуқ фаоллари ва "Ҳаёт" бошхонаси ходимларига миннатдорлик билдирган.

Загрузка
Мақоладан таъсирланиш
Ёқади
0
Таҳсинга лойиқ
0
Хурсандчилик
0
Ҳайрон бўлмоқ
0
Тушкунлик
0
Хомушлик
0
Ҳафсаласи пир бўлмоқ
0
Ёқмайди
0

0 изоҳлар

  • Изоҳлар мавжуд емас

Рухсат олинг Шарҳлар қолдириш мумкин бўлиши учун.


Бошқа янгиликлар

Юклаш...