Ўзбекистон, Тошкент – Batafsil.uz. Тошкентда қимматбаҳо тошлар ва қадимий тилла тангаларни сотиш билан шуғулланган жиноий гуруҳ қўлга олинган. Хусусан, мухбиримиз хабар беришича, жиноятчилар оғирлиги 2 килограммдан ортиқ бўлган “зумрад” тошини Афғонистондан олиб келиб, ярим миллион долларга сотмоқчи бўлишган.
“Тезкор тадбир давомида 5 нафар фуқаролар Чилонзор туманидаги хонадонлардан бирида муқаддам Афғонистондан олиб келинган 2 кг. 531 гр. оғирликдаги “зумрад” қимматбаҳо тошларини 500 минг АҚШ сотмоқчи бўлганида қўлга олинган”, - дея маълум қилмоқда Давлат божхона қўмитаси матбуот хизмати
Шунингдек, жинотячилар 8 гр. оғирликдаги 1 дона қадимий тилла тангани 10 минг АҚШ долларига пуллаш ниятида бўлган.
Дастлабки ўрганишларга кўра, мазкур ҳолатда ноқонуний олди-сотдидан тўхтатиб қолинган тилла танга эрамизнинг III асрига мансуб бўлиб, Кушон давлатида зарб қилинган.
Шунингдек, ушбу шахслардан бирининг ҳамёнида 3 дона “олмос” тошлари борлиги ҳам аниқланган.
Қимматбаҳо тошлар ва қадимий тилла танганинг умумий қиймати жами 16,8 млрд. сўмни ташкил қилади.
Ҳозирда мазкур ҳолат бўйича жиноятга алоқадор бошқа шахсларни аниқлаш юзасидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Изоҳлар мавжуд емас