Ўзбекистон, Тошкент – Batafsil.uz. Тошкентдаги мавжуд бўлмаган тиббиёт марказига ишга жойлашишни ваъда қилган фирибгар аёл қўлга олинган. Аёл 18 кишини алдаб, 50 миллион сўмдан ортиқ маблағ тўплашга муваффақ бўлган. Бу ҳақда мухбиримиз хабар бермоқда.
24 ёшли Заҳро пойтахтдаги нуфузли тиббиёт ОТМда шартнома асосида таҳсил олади. Шартнома пулини тўлаш учун иш излаб юрган. Бир куни гўзаллик салонига борганида, ўзининг молиявий муаммолари ҳақида сартарош аёлга сўзлаб берган.
Сартарош аёл шу заҳоти мутахассислиги шифокор бўлган ва юқори маошли иш топган укаси ҳақида айтган. Бу таклиф шу гўзаллик салонининг мижози бўлган ва шифохонанинг ходимлар бўлимида ишлаётган бир аёлдан келиб тушган экан. Кўрсатган “ёрдами” учун ўша аёл 3 миллион сўм пул сўраган. Сартарош аёлнинг сўзларига кўра, пуллар берилган бўлсада, укаси ҳали ишга жойлашмаган. Шунинг учун масала нозик бўлиб, юз фоизли кафолатни ҳеч ким бермаслигини айтган.
Заҳро дарҳол ўша аёлнинг телефон рақамини олган. Сартарош уста қогозга телефон рақам ва аёлнинг исмини ёзиб берган. Уддабурон аёлнинг исми Дилбар экан.
Бир муддат ўтгач, у Дилбар билан боғланган. Дилбар айни пайтда танлов асосида тиббиёт ходимларини ишга олаётган шифохонанининг ходимлар бўлимида ишлашини, ишга киришнинг айрим “шартлари”ни айтиб берган. Унинг айтишича, ишга қабул қилинган турли тоифадаги тиббиёт ходимларидан бригада тузилиб, дам олиш кунисиз ўн кун ишларкан. Ҳар бир смена учун тиббиёт ходимларига катта миқдорда мукофот бериларкан. Агар Заҳро рози бўлса, Телеграм орқали ҳужжатларни юбориши ва пластик картага 3 миллион сўм кўчириши лозим бўлган. Заҳро аёлнинг барча шартларини дарҳол бажарган.
Бир оз муддат ўтганидан сўнг, Дилбар Заҳрога қайта қўнғироқ қилиб, агарда шу ишга кирмоқчи бўлган яна танишлари мавжуд бўлса, уларнинг ҳам ҳужжатлари ва пулларини етказишни айтган. Заҳро бу таклифни курсдошлари ва бошқа танишлари ҳам билдирган. Шу тариқа, Заҳронинг 16 нафар танишлари ишлаш истагини билдириб, 49 миллион сўм тўлашган.
Вақт ўтаверсада, ишга жойлашиш масаласи ҳал бўлмаган. Ҳар гал Дилбар турли баҳоналар топиб, муддатни орқага сурган. Заҳронинг тоқати тугаб борган. Қолаверса, Заҳро орқали ишга кирмоқчи бўлганлар ҳам масалани тезроқ ҳал қилишни ёки пулларни қайтаришни талаб қилишган. Охир-оқибат фирибгарнинг тузоғига тушиб қолганини англаган Заҳро ички ишлар идорасига мурожаат қилган.
Мазкур ҳолат бўйича Жиноят Кодексининг 168 (фирибгарлик) моддаси бўйича жиноий иш қўзғатилган. Тергов давомида аниқланишича, 30 ёшли Дилбар ҳеч қандай шифохонада ишламаган, одамларнинг ишончига кириб, ўзининг ғаразли мақсадларини амалга оширган. Энди бу қилмиши учун у қонун олдида жавоб беради.
Изоҳлар мавжуд емас