Ўзбекистон, Тошкент – Batafsil.uz. Пойтахтда ўзини вазирлик ходими деб таништирган ва олийгоҳдаги жойларни “сотмоқчи” бўлган фирибгар ушланган. Бу ҳақида мухбиримиз хабар бермоқда.
“26 январь кунидан 9 март кунига қадар бўлган вақт оралиғида, 27 ёшли Илҳомжон Э. ўзганинг мулкини қўлга киритиш мақсадида алдов йўли билан бировнинг ишончни суистеъмол қилиб, Олмазор туманида жойлашган “Ёшлар Иттифоқи” биноси олдида, Самарқанд вилоятидан келган танишлари Гавҳар К. ва Асатулло А.,ларга ўзини “Халқ таълими вазирлигида” таржимон деб таништирган”, –дея маълум қилмоқда Тергов департаменти.
Суҳбат давомида Илҳомжон Ўзбекистон Миллий Университетининг “Биология ва кимё” факультетининг сиртқи таълим бўлимига “супер контракт” асосида қабул бўлаётганлигини, 12 та ўрин очилиб, ушбу ўринларни тўлдириш вазифаси унга юклатилганини айтган.
Гавҳар ва Асатуллонинг қизиқиб қолганини кўриб қолган фирибгар ўзининг танишларига ёрдам беришини, “атиги 3 баробар миқдорда "супер контракт” тўловини амалга оширишларини айтиб, улардан жами 3.500 АҚШ доллари миқдоридаги пулларни алдов йўли билан олиб, ўз эҳтиёжи йўлида сарфлаб юборган.
Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 168-моддаси 3-қисми “Б” банди (Фирибгарлик) билан жиноят иши қўзғатилиб, Илҳомжон Э., терговга келишдан бўйин товлаб яшириниб юрганлиги туфайли, унга нисбатан қидирув эълон қилинган.
Олиб борилган тезкор қидирув ҳаракатлари натижасида Илҳомжон Э., Яккасарой тумани ҳудудида ушланган.
Тергов ҳаракатлари давомида аниқланишича, Илҳомжон Э., Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институтида таҳсил олиб, кейинчалик талабалар сафидан четлаштирилгани маълум бўлган.
Ҳозирда тергов ҳаракатлари давом этмоқда.
Изоҳлар мавжуд емас