Уч нафар ўзбекистонлик Россиянинг Оренбург вилоятидаги қулликдан қочишган

9 October 2019, 14:32 7 ... Ҳодисалар
Уч нафар  ўзбекистонлик  Россиянинг  Оренбург  вилоятидаги қулликдан  қочишган

Узбекистан, Ташкент – ЯН Batafsil.uz. Уч нафар ўзбекистонлик Россиянинг Оренбург вилоятидаги қулликдан қочишган. Бу ҳақида мигрантларга ёрдам бериш билан шуғулланувчи “Альтернатива” нодавлат нотижорат ташкилоти хабар қилган.

Жорий йилнинг август ойида Улуғбек А., Абдулазиз Х. ва Жасурбек Т. исмли ўзбек йигитлари Пермь вилоятига ишлаш учун автобусда жўнаб кетишган. Йўл-йўлакай улар қозоғистонлик бир киши билан танишиб олишган. Ўзини Али деб таништирган фуқаро Оренбург вилоятининг Бузулук шаҳрида иш, шунингдек бепул ётоқ, овқатланиш ва ҳужжатларни расмийлаштириб беришни таклиф этган.

Ўзбекистонликлар бунга рози бўлишганидан сўнг, Али уларни Фузайил исмли озарбайжонлик кишига топширган. У эса миграция ҳисобига қўйиш учун ўзбекларнинг паспортини олиб қўйиб, қурилишга ишга жўнатган.

Тахминан ўн кундан кейин йигитлар Фузайилдан ўз паспортларини сўрашганида, у янги иш кучи учун Алига 50.000 рубль тўлаганлиги, эндиликда учовлон ҳам шу пулни ишлаб берса ёки бировдан олиб берганидан сўнггина паспортларни қайтариб беришини айтган.

Иккинчи маротаба паспортларини сўраган йигитларни Фузайил дўстлари билан биргаликда аёвсиз калтаклаб, (бир нафарининг бурни синган) қамаб қўйган. Мигрантлар бир неча кун ўтиб, яъни 22 сентябрь куни қочишга муваффақ бўлишган ва ўзлари учун консулхонада вақтинчалик ҳужжат тайёрлаш мақсадида Москвага жўнаб кетишган.

Даставвал, Бузулукдан Самарагача етиб боришда ўзбек йигитларига тасодифан учраб қолган тожикистонлик мигрантлар ёрдам кўрсатишган. Самара шаҳрида эса улар яни бир ўзбекистонлик билан танишиб, унинг ёрдамида Москвагача етиб боришган.

Айни пайтда ўзбекистонликлар “Альтернатива”нинг ишончли ҳимояси остига олинган. Уларнинг ҳужжатлари “Миграция бўйича халқаро ташкилот”га юборилган. Ташкилот юртдошларимизнинг ўйларига қайтиб боришлари учун йўл харажатларини қоплашга кўмаклашади.

Матнни тайёрлади:
  • Изоҳлар мавжуд емас

Рухсат олинг Шарҳлар қолдириш мумкин бўлиши учун.


Рўйхатга қайтиш