Ўзбекистон, Тошкент – Batafsil.uz ЯА. Қурилиш вазирлигининг таъкидлашича, Қаршида қулаган бино ноқонуний тарзда барпо этилган. Бинонинг эгаси - "Насаф-Травел" компанияси ҳудудий инспекция томонидан икки маротаба огоҳлантириш олган. Бу ҳақида мухбиримиз хабар бермоқда.
“Насаф - Травел” компаниясига тегишли объектда қурилиш ишлари рўйхатсиз ва ноқонуний равишда амалга оширилган. Бу ҳақида Қурилиш вазирлиги матбуот-хизмати томонидан чоп этилган инспекция хулосасида қайд этилган.
“Насаф-Травел” компанияси қурилиш ҳақида ҳудудий инспекциясини хабардор қилмаган. Қоидага кўра, бу қурилиш-монтаж ишларини бошлаш ҳақида хабарнома юбориш бўйича давлат хизматлари кўрсатишнинг маъмурий регламентига мувофиқ амалга оширилиши керак эди.
Қашқадарё вилояти қурилиш назорати бўйича ҳудудий инспекцияси Қарши шаҳри И. Каримов кўчасида жойлашган "Насаф-Травел" меҳмонхонаси ёнида қурилаётган 5 қаватли бинонинг бетон қисминининг қулаганлигини изоҳлаган.
Қарши шаҳар ҳокимининг “Насаф-Травел” компаниясига тегишли 4566,92 кв.м ер майдонида жойлашган “Меҳмонхона ва ресторан”ни реконструкция қилишга ҳамда ўз ҳудудидан ёрдамчи бинолар қуришга рухсат этиш тўғрисида”ги қарори 2018 йил 5 июнда қабул қилинган.
Инспекциянинг маълум қилишича, мазкур қарорга кўра, объект атрофини тоза сақлаш, ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ишларини доимий бажариш ҳамда объектда қурилиш-монтаж ишларини амалга ошириш учун вилоят давлат архитектура қурилиш назорати инспекциясидан рухсатнома олиш юклатилган бўлсада, буюртмачи “Насаф-Травел” компанияси томонидан ушбу талаб бажарилмаган.
Инспекция томонидан ушбу объект қурилиши бўйича 2019 йил 29 ноябрда буюртмачи “Насаф-Травел” компаниясига бир неча бор огоҳлантириш берилган. Бироқ, объектда қурилиш-монтаж ишлари ноқонуний равишда давом эттирилган. Вазирликнинг маълум қилишича, бино қурилиш меъёрларининг қўпол равишда бузилиши натижасида қулаган.
Эслатиб ўтамизки, 23-июнь куни кечқурун Қаршида қурилаётган бинонинг бетон плитаси қулаб тушган эди. Фавқулодда ҳолатни бартараф этишда қутқарув гуруҳлари, ҳарбий хизматчилар, вилоят ички ишлар органлари вакиллари ва шифокорлар иштирок этишган. Вайроналар остида Сурхондарё вилояти Бойсун туманида яшаган 37 ёшли ишчининг жасади топилган. Яна тўрт киши енгил тан жароҳатлари олган.
Изоҳлар мавжуд емас