Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Япония ҳукумати виза муддати тугаганидан кейин ҳам мамлакатда ноқонуний қолиб кетган яна бир Ўзбекистон фуқаросини депортация қилди. Қисқа муддатли виза билан Японияга кирган фуқаро полиция томонидан ушланганидан сўнг ватанга қайтарилган.
Бу ҳақда Япониянинг Ўзбекистондаги элчихонаси маълум
қилган. Дипломатик ваколатхона Японияда ноқонуний яшаш ёки рухсатсиз меҳнат фаолияти билан шуғулланиш қаттиқ жазоланишини эслатган.
Элчихона маълумотига кўра, бундай қоидабузарлар аввал полиция томонидан ушланади, кейин иммиграция марказига жойлаштирилади ва суд ёки тегишли тартиб-таомиллардан сўнг мамлакатдан депортация қилинади. Бу ҳақдаги маълумотлар Ўзбекистоннинг тегишли идораларига ҳам юборилади ва фуқаро ватанга қайтгач, унга нисбатан ҳам қонунчилик доирасида чоралар кўрилиши мумкин.
Шу муносабат билан Япония элчихонаси фуқароларни қисқа муддатли виза орқали Японияда ишлаш мумкинлиги ҳақидаги шубҳали таклифларга ишонмасликка чақирган. Таъкидланишича, қисқа муддатли виза меҳнат фаолияти билан шуғулланиш ҳуқуқини бермайди.
Дипломатик ваколатхона, шунингдек, қочқинлик мақомини сўраб ариза бериш орқали Японияда қонуний қолиш ёки ишлаш мумкинлиги ҳақидаги фикрлар ҳам ҳақиқатга тўғри келмаслигини билдирган. Агар бундай ариза фақат мамлакатда қолиш муддатини сунъий равишда узайтириш мақсадида берилгани аниқланса, ариза рад этилади, фуқаро иммиграция марказига жойлаштирилади ва кейинчалик депортация қилинади.
Япония ҳукумати қочқинлик мақомини олиш учун ёлғон маълумот тақдим этиш ёки фирибгарлик схемаларидан фойдаланиш жиддий ҳуқуқий жавобгарликка сабаб бўлишини ҳам огоҳлантирган.
Аввалроқ ҳам Япония Иммиграция хизматлари агентлиги мамлакатда ноқонуний равишда истиқомат қилиб келган икки нафар Ўзбекистон фуқаросини депортация қилганди. Япониянинг Тошкентдаги элчихонаси берган маълумотга кўра, ушбу шахслар мамлакатга аслида "талаба" визаси билан боришган, бироқ ҳужжат муддати тугаганидан кейин ҳам у ерни тарк этмай, ноқонуний равишда қолишга уринганларида ҳибсга олинган эди.

Изоҳлар мавжуд емас