Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Япония Иммиграция хизматлари агентлиги давлат бюджети ҳисобидан икки нафар Ўзбекистон фуқаросини ватанга депортация қилди. Улар мамлакатда ноқонуний яшаб келгани аниқланган.
Маълум қилинишича, ҳар икки фуқаро Японияга қисқа муддатли виза билан кирган, аммо визаси муддати тугаганидан кейин ҳам мамлакатда ноқонуний қолган. Кейинчалик улар ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан қўлга олинган.
Япония томонининг таъкидлашича, ноқонуний яшаш ёки ноқонуний меҳнат фаолияти билан шуғулланган шахсларга нисбатан қатъий чоралар қўлланади. Улар полиция томонидан ҳибсга олиниши, иммиграция марказига жойлаштирилиши ва депортация қилиниши мумкин.
Шунингдек, Япония ҳукумати қонунбузарликка йўл қўйган фуқаролар ҳақидаги маълумотларни Ўзбекистон ҳукуматига тақдим этади. Бу эса фуқаро ватанга қайтгач, унга нисбатан тегишли чоралар кўрилишига асос бўлиши мумкин. Шу муносабат билан фуқароларга "Японияда бемалол ишлаш мумкин" каби асоссиз таклифларга ишонмаслик тавсия этилган.
Япония ҳукумати, шунингдек, қочқинлик мақомини сўраб ариза бериш мамлакатда узоқ муддат қолиш ёки ишлаш имконини беради, деган тушунча нотўғри эканини эслатган. Агар қочқинлик мақоми рад этилса, шахс иммиграция марказига жойлаштирилиши ёки депортация қилиниши мумкин.
Ёлғон маълумот тақдим этиш ёки фирибгарлик йўли билан қочқинлик мақомини олишга уриниш эса жиддий ҳуқуқий жавобгарликка сабаб бўлиши мумкинлиги билдирилган.

Изоҳлар мавжуд емас