Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Ёш шоир ва ёзувчи Жаҳонгир Номозов ўз уйида ўлик ҳолда топилди. Дастлабки маълумотларга кўра, ҳодиса Поп туманида содир бўлган. У Ўзбекистон журналистика ва оммавий коммуникациялар университети талабаси сифатида таҳсил олаётган эди.
Бош прокуратура матбуот котиби Ҳаёт Шамсутдинов Batafsil.uz мухбирига ҳолатни тасдиқлади. Унинг маълум қилишича, 29 ёшли Номозов руҳий ҳолатидаги ўзгаришлар сабабли ўз ҳаракатларини англай олмаган ҳолда вафот этган бўлиши мумкин.
Туман ИИБ навбатчилик қисми хабарига кўра, ҳодиса 15 апрель куни соат 13:00 атрофида Поп туманидаги яшаш манзилида содир бўлган. Дастлабки суд-тиббий хулосасида ўлим механик асфиксия оқибатида келиб чиққани билдирилган. Унинг танасида бошқа жароҳат излари аниқланмаган.
Ҳодиса юзасидан туман прокуратураси томонидан терговга қадар текширув ишлари олиб борилмоқда.
Маълумот учун, Жаҳонгир Номозов замонавий ўзбек адабиёти ва журналистикасида фаол ижод қилган. У Туркиянинг Şiir Sarnıcı журналида Ўзбекистон вакили бўлиб, халқаро адабий ташкилотларда иштирок этган, шеърлари бир нечта хорижий тилларга таржима қилинган.
Бундан олдин ҳам Наманган вилоятининг Чуст туманида Тошкентдаги нуфузли университетлардан бирининг 1-босқич талабаси арқон билан ўзини осиб, вафот этганди. Ҳозирда туман прокуратураси ҳам бу ҳолат юзасидан ўрганиш ишларини олиб бормоқда.

Изоҳлар мавжуд емас