Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Ўзбекистоннинг Хитой Халқ Республикасидаги дипломатик миссияси ходимлари Хэбэй провинциясида кўкрак бези саратони ташхиси билан даволанаётган Ўзбекистон фуқаросига консуллик, тиббий ва ижтимоий ёрдам кўрсатди. Дипломатларнинг шифохона раҳбарияти билан олиб борган музокаралари натижасида бемор аёл учун белгиланган 16 босқичли кимётерапия муолажалари нархини пасайтиришга эришилди.
Бундан ташқари, ваколатхона кўмагида беморнинг қарийб етти йилдан буён кўришмаган ва Андижон шаҳрида истиқомат қилувчи онаси учун Тошкент–Пекин–Тошкент йўналиши бўйича авиачипта сотиб олиб берилган ва уларнинг учрашуви ташкил этилган. Дипломатик миссия вакиллари фуқаронинг яшаш ва даволаниш жойига бориб, унинг ҳолидан хабар олган.
Ушбу ташриф доирасида Хэбэй провинциясида Хитой фуқаролари билан оила қурган 20 нафарга яқин ўзбекистонлик аёллар билан ҳам алоҳида учрашув ўтказилган. Унда хориждаги ватандошларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш ҳамда хотин-қизларни манзилли қўллаб-қувватлаш масалалари доимий назоратда экани таъкидланган.
Аввалроқ Ўзбекистоннинг Актау шаҳридаги Бош консулхонаси ва Миграция агентлиги кўмагида Қозоғистонда оғир аҳволда қолган беш нафар ўзбекистонлик ватанга қайтарилганди.

Изоҳлар мавжуд емас