Ўзбекистон, Тошкент – Batafsil.uz. Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлигига ҳавола қилган ҳолда мухбиримиз хабар беришича, Ўзбекистонда қалбаки Snickers, Mars, Twix, Bounty шоколад маҳсулотлари ва “Роллтон” ишлаб чиқарилган.
Агентлик Snickers, Mars, Twix, Bounty каби савдо белгиларининг эгаси Mars Inc. компаниясининг қалбаки маҳсулотлар бўйича ишини ўрганиб чиққан. Компания Самарқанд ва Наманган вилоятларидаги бир қатор чакана савдо шаҳобчаларида Snikers, Macs, Twiix ва Baunty номли маҳсулотлар сотуви ҳақидаги хабар билан Агентликка мурожаат қилган.
“Сотувга қўйилган ушбу турдаги маҳсулотлар уларни сотаётган тадбиркорлар томонидан мустақил равишда сотувдан олинди. Хусусан, мазкур маҳсулот қадоқларида ишлаб чиқарувчи ва унинг алоқа маълумотлари, ишлаб чиқарилган санаси, амал қилиш муддати ва штрих-код ҳақида маълумотлар берилмаган”, - дея таъкидламоқда агентлик.
Қолаверса, бир неча ой олдин Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлиги мамлакатимиздаги қалбаки маҳсулотлар билан боғлиқ ишни кўриб чиққан. Чет эллик “Sunecho Limited” компанияси “Роллтон” савдо белгисининг муаллифлик ҳуқуқи эгаси сифатида ваколатли органларга «Концентрат пищевой “Домашний бульон РОЛЛТОН®”» қалбаки маҳсулотларини Ўзбекистонда чакана савдода сотилаётганлиги тўғрисидаги ариза билан мурожаат қилган.
Компания қалбаки маҳсулотларни савдо нуқталарида сотилишини тўхтатиш учун зарур чораларни кўришни сўраган. Ишни ўрганиш пайтида ушбу маҳсулот республиканинг 257та чакана савдо объектлари томонидан сотилганлиги аниқлаган. Давлат солиқ қўмитасининг ҳудудий бўлинмалари 698 миллион сўмлик ушбу турдаги маҳсулотларни савдодан олинган.
Қалбаки маҳсулотлардан қандай ҳимояланиш мумкин?
Ўз инстинктингизга ишонинг
Ҳақиқатдан йироқ таклифлар кўринадиган бўлса, демак сиз алданишга дуч келишингиз мумкин. Aсл дизайнерлик буюмларнинг нархлари камдан-кам ҳолларда пасайтирилади, шунинг учун фойдали харид қилаётганингизга ишониб шошилманг.
Маҳсулот ва унинг қадоғини диққат билан ўрганинг
Маҳсулот номи ва тавсифининг ёзилиши ва грамматикаси, шунингдек, қадоқлаш сифати ва график чизиқларининг аниқлигини текширинг.
Харидни ишончли дўконларда қилинг
Интернет орқали буюртма берган бўлсангиз ҳам, интернет дўкон саҳифасида жойлаштирилган шарҳлар ва фотосуратларни текширишга ҳаракат қилинг. Улар ёрдамида дўкон ҳақида ва у қандай маҳсулотлар сотиши борасида кўп нарсаларни билиб олишингиз мумкин.
Ёдда тутинг
Қалбаки ёки контрафакт товарларни сотганлар жиноий жавобгарликка тортилади. Сохта маҳсулотларни сотиб олганингизда, сиз жиноятни молиялаштиришга ёрдам беришингиз ва соғлиғингизга хавф солишингиз мумкин. Aгар қалбаки маҳсулотларга дуч келсангиз ваколатли назорат қилувчи органларга ёки Aгентликнинг 1159 ишонч телефон рақамига қўнғироқ қилиб хабар беринг.
Изоҳлар мавжуд емас